22:18 / 26.07.2018
3 846

Путин Трампга совға қилган тўпга чип ўрнатилганлиги аниқланди

Путин Трампга совға қилган тўпга чип ўрнатилганлиги аниқланди
Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Дональд Трампга совға қилган Жаҳон чемпионати-2018 рамзи туширилган футбол тўпи махсус чип билан жиҳозланган, деб ёзади РИА Новости. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Хельсинкидаги матбуот анжуманида совға қилинган бу тўп Вашингтоннинг кескин муносабатига учради.

«Мен бу тўпни эшитиш ускуналари бор-йўқлигини аниқлаш учун текширган бўлардим ва уни ҳеч қачон Оқ уйга олиб боришга рухсат бермасдим», деб ёзди республикачи сенатор Линдси Грэхэм Twitter саҳифасида.

Bloomberg журналистлари конгрессмен қисман ҳақ бўлган деган хулосага келишди: улар тўп юзасида унинг алоқа ускунаси билан жиҳозлангани ҳақида огоҳлантирувчи махсус логотипни кўришди.

Adidas компаниясининг расмий сайтида билдирилишича, ЖЧ-2018 учун тайёрланган барча тўплар NFC (Near Field Communication) технологияси билан жиҳозланган. Улар ўрнатилган митти чиплар орқали смартфонга ўрнатилган илова ёрдамида махсус кодни ўқиш мумкин. Шундан сўнг илова фойдаланувчиси футболчиларнинг видеороликлари, ишқибозлар учун танловлар ва бошқа шу каби маълумотларни кўриши мумкин. Чипнинг ўзи ҳеч қандай маълумот тарқатмайди ва жуда кичик таъсир доирасига эга – ундаги дастурдан фойдаланиш учун смартфонни тўпга яқинлаштириш керак. Чип фақатгина реклама вазифасини бажаради.

Adidas уни ўзгартириш, олиб ташлаш ёки унга киритилган маълумотни қайта ёзишнинг имкони йўқлиги ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Путин Трампга совға қилган тўп барча совғалар сингари стандарт хавфсизлик текширувидан ўтказилганини расман тасдиқлаганди.

Хельсинкида бўлиб ўтган саммитдан кейинги матбуот анжуманида Владимир Путин Сурия борасидаги ташаббус ким томонида эканлиги ҳақидаги саволга жавоб бераётиб Дональд Трампга тўп совға қилган ва «тўп энди у томонида» эканлигини айтганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)