07:17 / 14.08.2018
3 009

Сиэтлда олиб қочилган самолёт кимсасиз оролга қулади

Сиэтлда олиб қочилган самолёт кимсасиз оролга қулади
Бугун АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Такома халқаро аэропортидан ўзини «синган йигит» деб атаган Horizon Air авиакомпанияси ишчиси ичида йўловчилар бўлмаган Bombardier Q400 самолётини олиб қочиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Исми ошкор қилинмаётган 29 ёшли учувчи бошқарган, 76 йўловчини ташишга мўлжалланган самолёт Пюжет қўлтиғи узра парвоз қилган. Самолётнинг парвозига гувоҳ бўлганларнинг айтишича, у осмонда хавфли фигуралар ясаган. Самолётни диспетчерларнинг рухсатисиз олиб қочган шахс авиакомпания ходими бўлиб, у самолётларга ерда хизмат кўрсатиб келган.

Самолёт парвоз учун кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтгач, Портленддаги ҳарбий ҳаво базасидан иккита F-15 қирувчи самолёти «ердаги инсонларни ҳимоя қилиш учун» осмонга кўтарилган ва Bombardier’ни кузатиб боришган.

Bombardier Q400 парвоз қилганидан бир ярим соат ўтиб, у Пюжет қўлтиғидаги кимсасиз оролга қулаган. Унинг қулашига нима сабаб бўлганига ҳозирча аниқлик киритилмаяпти. Самолёт ҳалокати натижасида ерда жабрланганлар ҳақида ҳам маълумот йўқ. Шериф вакилининг айтишича, учувчида ўз жонига қасд қилиш истаги бўлган ва содир бўлган воқеанинг терроризмга алоқаси йўқ. Мазкур воқеа Федерал қидирув бюроси томонидан суриштирилади.

«Кўплаб инсонлар мен учун қайғуришади. Улар менинг бу ишга қўл урганимни эшитишса ҳафсаласи пир бўлиши турган гап. Мен уларнинг ҳар биридан кечирим сўрамоқчиман. Шунчаки, икки паррак ўртасидаги синган бир йигитман», — деган самолётни олиб қочган шахс диспетчерга.

Самолёт ҳалокатга учрагач, Horizon Air компанияси раҳбари Констанс фон Мюлен шундай деган:

«Бизнинг қалбларимиз — ҳалок бўлган йигитнинг оиласи, шунингдек, Alaska Air ва Horizon Air’нинг барча ходимлари билан».

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Сиэтлда олиб қочилган самолёт кимсасиз оролга қулади