07:02 / 18.09.2018
2 730

Чала америкалик: Шварценеггер АҚШ конституциясига қандай қилиб енгилгани ҳақида

Чала америкалик: Шварценеггер АҚШ конституциясига қандай қилиб енгилгани ҳақида
Ропа-роса 35 йил муқаддам, 1983 йилнинг 16 сентябрида Арнольд Шварценеггер АҚШ фуқаросига айланди. Гарчи «янги ватани»да актёр, жамоат арбоби ва сиёсатчи бир неча фильмларда суратга тушиб, ҳаттоки штат губернатори бўлган эса-да, унинг олий орзуси АҚШ президенти бўлиш эди. Лекин орзу сари йўлга АҚШ конституцияси тоабад тўсиқ бўлади, деб ёзади Kun.uz.

АҚШ фуқаросига айланган чоғларда Шварценеггер америкаликларга жуда яхши танилиб улгурган эди. Унинг «Темирни шишир» китоби бодибилдинг ихлосмандлари учун муқаддас ҳисобланар, 1982 йилда чиққан «Конан-варварь» фильми эса катта шуҳрат қозонганди.

Актёр АҚШ фуқаросига айланган кунни ҳеч қачон унутмайди. 2015 йилда актёр ўз Твиттерида: «Бу ҳаётимдаги жуда буюк кун. Бу содир бўлганидан ва қарзимни қайтарганимдан жуда хурсандман», деб ёзган.

Америка фуқаролиги Шварценеггерга жуда кўп эшикларни очган. Бироқ актёрнинг орзулари ҳарчанд виқорли бўлмасин, мамлакатдаги олий сиёсий лавозимга у ҳеч қачон ўтира олмайди. АҚШ конституциясига кўра, фақатгина АҚШ ҳудудида туғилган инсонгина мамлакат президенти бўлиши мумкин.

2003 йилда Юта штатидан Арнольднинг мухлиси, республикачи сенатор Оррин Ҳэтч АҚШ конституциясига фуқароликни кейинчалик қўлга киритганларга ҳам сайловда қатнашиш имконини берувчи ўзгартириш киритиш кераклигини таклиф этади.

«Арнольд тузатиши» номини олган таклиф кенг муҳокама бўлди, бироқ сенатда қабул қилинмади.

Шварценеггернинг ўзи ҳам конгрессдаги танишларини ишга солиб, тузатишни қабул қилишга эришмоқчи бўлди ва ҳаттоки 2016 йилги сайловларда Ҳиллари Клинтонга рақиблик қилиш режаси ҳам бор эди.

Бироқ Клинтон хонимнинг рақиби Дональд Трамп бўлди. Уни Шварценеггерга кўп қиёслашарди. Уларнинг ўзаро муносабатлари ҳам яхши эди. Шварценеггер иккинчи бор Калифорния губернаторлиги сайловларида қатнашаётганида Трамп 10 минг доллар хайрия ҳам қилган.

Бироқ Арнига Трампнинг мексикаликлар ҳақидаги чиқишлари ёқмади ва уни танқид остига олди. Ҳали бу ўзаро муносабатларда ҳаммаси тугади дегани эмасди. Трамп сайловга чалғигач, унинг ТВ-шоусини айнан Шварценеггер олиб бора бошлади.

2016 йил октябрида Шварценеггер илк бор партиядан илгари сурилган номзодни қўллаб-қувватламаслигини эълон қилди ва партиядошларини ҳам «партияни эмас, мамлакатни танлаш»га чақирди.

Трамп бу гапларни унутмаган эканми, президент бўлиб олгач, ТВ-шоуда унинг ўрнини Шварценеггер эгаллагач, кўрсатувнинг рейтинги кескин тушиб кетганини ёзиб чиқди.

Арнольд ҳам хўп демади-да, Трампга ўрин алмашишни таклиф этди. Шварценеггернинг вакили эса Трамп кўрсатувнинг эмас, ўз рейтинги ҳақида кўпроқ қайғургани дуруст, деди.

Гарчи, президент бўлиш унга армон бўлиб қоладиган кўринса-да, икки муддат Калифорния губернаторлиги унинг учун улкан сиёсий тажриба бўлди.

Шварценеггернинг бошқаруви штат аҳолисида аралаш таассуротлар қолдирди. Аммо аксарият одамлар Арни олдинги губернатор Дэвисдан яхшироқ ўзини намоён қилди, деб ҳисоблайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)