16:47 / 14.10.2018
3 828

Apple ​соати воқеани қандай фош қилди ва консулликда Хошуқжийга нима бўлди?

Apple ​соати воқеани қандай фош қилди ва консулликда Хошуқжийга нима бўлди?
Саудиялик журналист Жамол Хошуқжийнинг Саудиянинг Туркиядаги консуллигида сирли тарзда йўқолиб қолиши билан боғлиқ маълумотлар аста-секин маълум бўляпти.

Туркия ҳукуматига яқин бўлган ОАВ Хошуқжий консуллик биносида ваҳшийларча ўлдирилганини ёзмоқда. Хусусан, Туркиянинг Сабаҳ газетаси шанба кунги сонида Туркия хавфсизлик хизматига Хошуқжийнинг Apple​ компанияси ишлаб чиқарган ақлли соати кўпроқ маълумот олишга ёрдам бергани ҳақида ёзади.

Газета маълумотларига кўра, Хошиқжий консуллик биносига кирганида Apple​ ақлли соати қўлида бўлади ва бинода бўлган воқеаларини ёзиб олади. Уни Icloud орқали бино ташқарисида қаллиғига қолдирган телефонига жўнатади.

Сабаҳ биринчи саҳифасида чоп этган мақолада соат орқали ёзиб олинган материаллар Хошуқжий ўлдирилишидан олдин Саудия қотиллари томонидан калтаклангани ва азобланганини кўрсатишини ёзади.

Шунингдек, саудияликлар Хошуқжий ўзининг ўлдирилиш ҳодисасини ёзиб олганини аниқлашган ва уни ўчириб ташлашга ҳаракат қилишган. Лекин ушбу сирли ҳодисани кузатаётган турк разведкаси барча ёзувларни тиклашга ва уни эҳтиётий нусхасини кўчиришга муваффақ бўлган.

Шунингдек, Сабаҳ газетасидан ташқари ҳукуматга яқин бўлган Ени шафақ газетаси ҳам Apple​ ақлли соати воқеани ёзиб олгани ҳақида маълумотлар чоп этди.

Ени шафақ маълумотларида турк разведкаси қўлида Саудиялик журналистни ўз мамлакати консуллигида ўлдирилгани ҳақида маълумотлар борлиги айтилади.

Газетада ёзилишича, Хошуқжий қаллиғи билан консуллик идораси олдида кўришади ва у билан бир неча дақиқа гаплашиб, телефонини унга қолдиради. Ўзи ёлғиз консуллик биносига 1:15 да кириб кетади. У кирган хонага қотиллик гуруҳи аъзоларидан икки киши киради ва уни дўппослаб бошқа хонага тортишади. Саудиялик журналист ёрдам сўраб қичқиради. Лекин қотиллар унга яна ҳужум қилиб, ҳушидан кеттиришади. Сўнгра Хошуқжийни учинчи хонага олиб киришади ва уни у ерда ўлдириб, жасадини катта арра билан бўлакларга бўлишади.

Қотиллик гуруҳидагиларни бир нечтаси консуллик биносини тарк этишади. Гуруҳнинг бошқа аъзолари қотиллик жойини тозалашга келишади. Улар орасида қиролликдаги жамоат хавфсизлиги жиноятлари далолатномалари бош бошқармаси Суд тиббиёти директори Ақид Муҳаммад Тобийқий ҳам бўлган.

Жумбоқлар чемодани

Ени шафақ маълумотларига кўра, қотиллик гуруҳи аъзолари жиноят жойини тозалаб, қотиллик изларини яширишган. Сўнгра уларнинг баъзилари консуллик биносидан катта чемоданлар билан чиқиб кетади. Чемоданни улар Истанбулдаги Циркжий бозоридан сотиб олишган.

Ушбу чемоданларда Хошуқжийнинг жасади яширилган бўлган. Чемоданлар мерседес машиналарига юкланган ва консуллик биносидан тахминан 500 метр узоқликдаги консул уйига йўл олинган. Турк разведкаси жасаднинг баъзи бўлаклари уйнинг боғида кўмилганини айтяпти.

Турк хавфсизлик хизмати жасаднинг бошқа бўлаклари Истанбулнинг Малтбей, Бандак ва Картель минтақаларида кўмилганини айтяпти.

Саудия консуллигида 26 та машина бўлиб, уларнинг барчаси Туркия ҳукумати назорати остида бўлган. Фақат биттаси мазкур минтақаларда 6 соат муддатга назоратдан чиққан ва кузатувдан яширинган.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Apple ​соати воқеани қандай фош қилди ва консулликда Хошуқжийга нима бўлди?