10:45 / 17.10.2018
4 753

Ўзбекистонга келаётган Владимир Путиннинг ташриф дастури эълон қилинди

Ўзбекистонга келаётган Владимир Путиннинг ташриф дастури эълон қилинди
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 18 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбарлари мунтазамлик касб этган сиёсий мулоқотнинг давоми сифатида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳолати юзасидан фикр алмашадилар. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.

Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида илк бор Таълим форуми ва “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади, шунингдек, мамлакатимизда атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, "Суффа" халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистонга келаётган Владимир Путиннинг ташриф дастури эълон қилинди