date
views 5 721

Қошиқчининг ўлими ортида тургани гумонланган валиаҳд шаҳзода унинг ўғли билан (фото)

Қошиқчининг ўлими ортида тургани гумонланган валиаҳд шаҳзода унинг ўғли билан (фото)
23 сентябрь куни Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ар-Риёддаги Ямама саройида марҳум мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг қариндошларини қабул қилди.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ҳам ушбу қабул маросимида иштирок этган ва Жамол Қошиқчининг ўғли билан кўришган.

«Қирол ва валиаҳд шаҳзода Жамол Қошиқчининг яқинларига ҳамдардлик билдиришди», — дейилади Arab News агентлиги хабарида.

Ўз навбатида, Қошиқчининг ўғли ҳам қироллик хонадонига ҳамдардлик учун миннатдорчилик билдирган.

2 октябрь куни саудиялик журналист Жамол Қошиқчи Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетганидан кейин изсиз ғойиб бўлганди. У хориж нашрлари орқали Саудия Арабистонидаги сўз эркинлигининг бўғилиши ҳолатини танқид қилиб келарди.

Туркия ҳукумати илк кунларданоқ Қошиқчи консуллик биносида ўлдирилгани ва бунинг ортида Саудия Арабистони ҳукумати вакиллари, хусусан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон тургани ҳақида маълум қилди.

17 октябрь куни оммавий ахборот воситалари журналист консуллик биносида қийноққа тутилгани ва боши танасидан жудо қилинганини хабар қилишди. Уни сўроқ қилиш чоғида бош консул ўзи ҳам иштирок этгани тахмин қилинди.

20 октябрь куни Саудия Арабистони ҳукумати журналистнинг ўлимини тасдиқлади. Лекин Саудия Арабистони бош прокуратураси маълумотида, консулхонада жанжал келиб чиқиши оқибатида журналистни бехосдан ўлдириб қўйишгани айтилганди.

Худди шу вақтда The New York Times нашри Саудия Арабистони ўз «троллар фабрикаси»ни ташкил қилгани, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ташаббуси билан ташкил қилинган бу ташкилот аъзолари ижтимоий тармоқларда мухолиф кайфиятдаги фуқароларга қарши кураш олиб бориши ҳақида хабар тарқалди.

23 октябрь куни Haberler порталида Жамол Қошиқчининг жасади бўлаклари Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳудудида жойлашган қудуқдан топилгани ҳақида хабар берилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса Жамол Қошиқчи аввалдан пухта режалаштирилган қотиллик қурбони бўлганини айтиб, Саудия Арабистони ҳукуматини барча далилларни ошкор этишга ва айбдорларни жазолашга чақирди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қошиқчининг ўлими ортида тургани гумонланган валиаҳд шаҳзода унинг ўғли билан (фото)