
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармасининг собиқ раҳбари, генерал-майор Файзулло Гадоевга нисбатан ҳукм чиқарилди. Гадоев Тожикистон Олий суди томонидан 28 йилга озодликдан маҳрум этилди.
15 октябрда Олий Суд томонидан унга нисбатан ҳукм чиқарилган. Собиқ вазир 5 та жиноий иш бўйича, жумладан, ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси, катта миқдорда пора олганлик ва ўз лавозимини суистеъмол қилганлик бўйича айбланган.
Олий суд томонидан чиқарилган ҳукмга мувофиқ, Гадоевнинг мол-мулки мусодара қилинган. Шунингдек, у давлат мукофотлари ва ҳарбий мақомидан маҳрум этилган.
Гадоев Тожикистон ҳудуди орқали афғон гиёҳванд моддаларини Ўзбекистонга олиб ўтувчи сифатида кўрилган ҳамда уни қўлга олиш режаси икки қўшни давлатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан биргаликда ишлаб чиқилган. Июль ойида Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан қўлга олинган Файзулло Гадоев Тожикистонга экстрадиция қилинган.
Гадоевни қўлга олиш чоғида унинг ёнидан жуда кўп миқдордаги гиёҳванд моддалар партияси, катта миқдордаги нақд пуллар топилган.
Файзулло Гадоев Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. 2002-2007 йилларда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармасини бошқарган. Унинг маълумотномасида ўз лавозимига сидқидилдан ёндошадиган раҳбар эканлиги қайд этилган. Гадоев Тожикистон ИИВда 2011 йилгача ишлаган ва ўшандан бери ички ишлар органи пенсионери ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар