22:28 / 29.12.2018
4 047

АҚШ Суриядан ҳарбийларини олиб чиқиб кетмоқда

АҚШ Суриядан ҳарбийларини олиб чиқиб кетмоқда
АҚШ президенти Дональд Трампнинг қарори ижроси доирасида америкалик ҳарбийларнинг биринчи гуруҳи Сурия ҳудудини тарк этди. Бу ҳақда Туркиядаги Anadolu ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, камида 50 нафар ҳарбий Сурияни зирҳланган автомобилларда тарк этиб, Ироққа йўл олган. Улар Хасека провинциясидаги базани тарк этишдан аввал қуроллар ва ўқ-дорилар омборхоналарини бўшатишган. Агентлик маълумотига кўра, 400 кв. м майдондаги омборхонадаги қурол-яроғлар курдларга етказилган. Хабар қилинишича, Сурия ҳудудида Американинг жами 18та ҳарбий объекти мавжуд.

Бундан аввалроқ Пентагондагилар Дональд Трампга Суриядаги қуролларни, жумладан зирҳли автомобиллар ҳамда танкларга қарши ракеталарни Сурия шимолидаги курдларга қолдириш бўйича таклиф киритиши маълум қилинганди.

28 декабрь куни Суриядаги курдлар мухторияти вакили Жейҳан Аҳмад маълум қилдики, курдлар Сурия армияси билан мамлакат шимолидаги ҳудудларни, жумладан Фрот дарёсининг ғарбий қирғоқларини Туркиянинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимоя қилиш бўйича келишувга эришди. Унинг сўзларига кўра, «Сурия Демократик кучлари» расмий Дамашқ билан «Туркиянинг йўлини тўсиш» бўйича ҳамкорлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, 19 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп ИШИД устидан тўлиқ ғалаба қозонилганини эълон қилган ва америкалик ҳарбийларга Сурияни тарк этишга буйруқ берганди. Кейинроқ у Суриядаги жангарилар қолдиқларига қарши кураш Россия, Туркия ва Эрон каби мамлакатлар томонидан олиб борилиши кераклигини айтди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Суриядан ҳарбийларини олиб чиқиб кетмоқда