Саддам Ҳусайннинг қизи отасининг ўлимолди хатини эълон қилди

  • 07 январь 2019, 00:57
  • 3 060
  • Дунё
  • Саддам Ҳусайннинг қизи отасининг ўлимолди хатини эълон қилди
    Фото: Саддам Ҳусайн ўзининг тўнғич қизи Рағад билан / REUTERS
    Ироқнинг қатл этилган собиқ етакчиси Саддам Ҳусайннинг қизи Twitterʼда отасининг гўёки сўнгги сўзлари битилган номасини эълон қилди. Бу битик 2006 йилнинг 30 декабрида амалга оширилган қатл маросимидан 4 кун аввал ёзилган экан, деб ёзади Kun.uz.

    “О менинг олийҳиммат халқим, мен сенга ва ўзига имон келтирганларга марҳаматини дариғ тутмайдиган Яратганга ўз жонимни ишониб топширмоқдаман. Аллоҳу акбар”, — деб ёзилган хатда ва “Саддам Ҳусайн, республика президенти ва қуролли кучлар олий бош қўмондони” деб имзо қўйилган. Ушбу ёзишма эълон қилинганидан сўнг Саддам Ҳусайн қизининг аккаунтига кириб бўлмай қолди.

    Рағад Ҳусайн Иорданияда яшайди. У бу мамлакатга 2003 йилда — АҚШ Ироққа бостириб киргач ва унинг отасини президентлик тахтидан йиқитгач кўчиб ўтган эди.

    Ҳар йили 30 декабрь куни у ироқликларга ватанида хавфсизлик ва барқарорликни тиклашга чорлаб мурожаат қилиб келади. 2018 йилда ҳам у мурожаат билан чиқиш қилди.

    Рағад Ҳусайннинг таъкидлашича, Ироқ унинг отаси қўл остида “араб миллатини Эроннинг экспансионистик интилишларидан ҳимоя қилиб келган шарқ дарвозаларининг ишончли соқчиси” бўлган, шунингдек, 2003 йил воқеаларигача мамлакат суверенитети ва Ироқ халқининг қадр-қимматига дахл қила олмаган.

    Саддам Ҳусайннинг қизи АҚШ босқинидан сўнг ғалати ғоялар тарғиб қилинаётгани, диндан эса кўплаб партияларнинг аҳмоқона ва вайронкор интилишларини ниқоблаш учун фойдаланилаётгани туфайли инсонийлик ва ахлоқий қадриятларнинг йўқотилаётганини танқид остига олган.

    Рағад Ҳусайн Ироқнинг Америка томонидан оккупация қилинганини кескин танқид остига олиб, АҚШни Ироқ халқининг азоблари: кўчишлар, қотилликлар, динлараро ихтилоф, гуманитар вазиятнинг кескинлашуви ва инфратузилмаларнинг атайлаб вайрон қилинишида айблаган. У шунингдек экстремистик террорчи гуруҳларнинг кенг тарқалганини эслатиб ўтиб, улар “Ироқ яхлитлигини таҳқирлаб, цивилизация ва мамлакатни хароб қилишгани”ни таъкидлаган.

    » » Саддам Ҳусайннинг қизи отасининг ўлимолди хатини эълон қилди