Меҳмонхонага қамалиб олган саудиялик қиз қочқин мақомини олди

  • 10 январь 2019, 08:22
  • 1 080
  • Дунё
  • Меҳмонхонага қамалиб олган саудиялик қиз қочқин мақомини олди
    Бирлашган Миллатлар ташкилоти Саудия Арабистони фуқароси бўлмиш 18 ёшли Рахаф Муҳаммад аль-Кунунни қочқин дея тан олди.
    Бу ҳақда ал-Кунун иши билан шуғулланаётган БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлиги мурожаат қилган Австралия ички ишлар вазирлиги вакили маълум қилди. Маҳаллий ҳукумат ҳам “мурожаатни одатий тартибда кўриб чиқаётгани” ҳақида баёнот берди.
    Бундан аввал аль-Кунун баёнот бериб, ўзида Австралия визаси бўлгани боис, оиласи билан айнан шу мамлакатга қочиб ўтишга қарор қилганлигини айтган эди.

    Таиландда унинг отаси ва акаси бор, бироқ қиз улар билан учрашувдан воз кечган.
    Аль-Кунун 5 январь куни оиласи билан дам олаётган Қувейтдан қочиб кетди. У тушган самолёт Таиландга қўнганида, текшириб кўрилишини айтган Саудия элчихонаси ходими алдов йўли билан қизнинг паспортини олиб қўйди. Ходим аль-Кунунга оиласи унинг сафарига қаршилик қилаётгани, шу сабабли қиз Қувейтга қайтиши лозимлигини айтган.

    Кейинроқ қиз Бангкокдаги аэропорт меҳмонхонаси хоналаридан бирига қамалиб олди ва БМТ вакиллари билан учрашмагунга қадар хонадан чиқмаслигини айтди. Салкам бир кунлик музокaралардан сўнг Таиланд расмийлари, Рахаф она юртига ёки Қувейтга топширилмаслигини айтишди, шундан сўнг қиз БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича агентлигининг вакиллари ҳамроҳлигида аэропортни тарк этди.

    BBCга берган интервьюсида қиз исломдан воз кечганини, уйга қайтгудек бўлса ўзини ўлим кутаётганини маълум қилди. Саудия Арабистонида исломдан воз кечганлар муртад дейилади ва ўлимга ҳукм қилинади.

    Саудия Арабистонида хотин-қизлар ҳуқуқи анча чекланган. Фақат 2017 йилнинг сентябрига келибгина хотин-қизларга машина бошқариш ҳуқуқи берилди. 2018 йил январида хотин-қизлар илк бор стадионда футбол томоша қилдилар.

    Мамлакатда хотин-қизларнинг кўплаб қарорлари васий-эркаклар томонидан қабул қилинади. 2017 йилнинг май ойида подшоҳ Салмон хотин-қизларга давлат хизматларидан (жумладан соғлиқни сақлаш ва таълим) ўз ҳолларича фойдаланишга рухсат берди.
    Саудия Арабистони – жаҳондаги энг бой ва ёпиқ мамлакатлардан биридир.

    » » Меҳмонхонага қамалиб олган саудиялик қиз қочқин мақомини олди