Хитойлик врачлар уришдан тўхтаган юракни 7 соатдан сўнг ишлашга мажбур этишди…

  • 11 январь 2019, 00:03
  • 1 801
  • Дунё
  • Хитойлик врачлар уришдан тўхтаган юракни 7 соатдан сўнг ишлашга мажбур этишди…
    Бу ишни Шарқий Хитойдаги жарроҳлар ажойиб тарзда уддалай олишди. Донорнинг танасидан юракни ажратиб олишгач, етти соат давомида юрак ишламай турган. Врачлар етти соатдан кейин бўлса-да, ниҳоят мақсадига етишди. Юрак қайтадан ишлаб кетди. Айтишларича, одатда юрак олти соат ишламай турса, уни ҳаётга қайтаришнинг умуман имкони қолмас экан.

    Энди воқеани бошидан эшитинг. Шарқий Хитойнинг Фуцзянь вилоятига қарашли Фучжоу шаҳрида яшовчи йигитнинг юрагини тромб ҳосил бўлиши туфайли алмаштириш лозим бўлганди. Унга тўғри келадиган донорни ҳам топишди. Донор 24 ёшли йигит бўлиб, мия саратони оқибатида оламдан ўтганди. Бироқ врачлар танани сунъий ҳаёт улашиш ускунаси ёрдамида ушлаб туришган экан. Донор юрак жойлашган манзил мижоз ётган касалхонадан уч соатлик йўл эди.

    — Биз у клиникага кечқурун соат 9 ларга яқин етиб бордик, — дейди врач Хуан Ксушан. — Ўшанда донорнинг юраги урмаётганига 10 дақиқа бўлган экан. Икки дақиқада юракни танадан ажратиб олдик…

    Ярим тунда врач ўзи яшайдиган шаҳарга етиб келди. Жарроҳлар бригадаси иш бошлади. Соат тунги 2 да юрак трансплантацияси амали якунланди. Аммо эҳтиёт шарт юракни ишга туширишга шошилишмади. Эрталабки соат 4 ларда янги юрак мижознинг кўксида яна ура бошлади. Ўша лаҳзаларда донор юракнинг ишламай турганига роппа-роса 7 соат бўлганди.

    — Мен бундай қалтис ишларга камдан-кам ҳолларда қўл ураман, — деди врач Хуан Ксушан. — Чунки ишлашдан тўхтаган юрак кўп вақт туриб қолса, уни қайта ишга туширишнинг имкони бўлмайди. Бу сафарги муваффақиятимизнинг асосий сабаби шуки, донор ёш, юраги бақувват экан. Ишламай турган бўлса-да, ўта паст ҳароратда метаболизмни минимум даражагача тушириб, энергияни сақлаб туришган. Ана шу нарса биз жарроҳларга муваффақият ҳадя этди.

    Манба: Hordiq.uz

    » » Хитойлик врачлар уришдан тўхтаган юракни 7 соатдан сўнг ишлашга мажбур этишди…