07:51 / 15.01.2019
8 586

Адольф Гитлернинг онаси ким бўлган?

Адольф Гитлернинг онаси ким бўлган?
Ўтган асрда дунё аҳлининг кўз ўнгида золим, шафқатсиз, ваҳший шахс сифатида намоён бўлган Адольф Гитлернинг шахсий ҳаёти ҳақида кўпчилик маълумотга эга бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун биз тарихга қайтиб, золимнинг онаси қандай инсон бўлгани, ўзининг болалиги қандай кечгани, мараз ҳукмдор сифатида дунё саҳнасига чиқишига нима туртки бўлгани ва ҳоказолар ҳақида қисқа маълумотлар бериб ўтишни лозим топдик.

ГИТЛЕРНИНГ ОНАСИ — КЛАРА ГИТЛЕР
Клара Пёльцль (Гитлер) Австриянинг Спитал шаҳрида 1860 йили дунёга келган. Ота-онаси ўн бир фарзанд кўрган. Аммо ўлиб-ўлиб учтаси қолган холос. Клара ўша уч боланинг бири эди. Қолган икки фарзанд Иоганна ва Терезия деган қизлар эди.

1876 йили Клара ўн олти ёшга тўлди ва оилавий фермани тарк этиб, Браунау-на Иннега кўчиб ўтди. У ерда амакиваччаси Алоис Гитлернинг оиласи яшарди. Алоиснинг асл фамилияси Шикельгрубер бўлган. У Анна деган аёл билан яшар, бу аёл саломатлиги ёмонлиги сабабли Алоисга фарзанд ҳадя этиш имкониятидан маҳрум эди. Шунинг учун Алоис Франциска Мацельбергер деган хизматчи аёл билан учраша бошлади. Кейинчалик бу аёлнинг катта меросга эга эканидан хабар топгач, Алоис зудлик билан фамилиясини Гитлер қилиб ўзгартирди.

Клара бу хонадонга келгач, Франциска уни рақиба сифатида кўра бошлади. Сездики, айнан у Алоисни тортиб олиши мумкин. Шу сабабли Кларанинг уйдан кетишини талаб қила бошлади. Клара кетди. Франциска эса кейинчалик Алоисга икки қизни ҳадя этди. Бироқ орадан маълум вақт ўтгач, сил касалига учраб оламдан ўтди. Алоис шу заҳоти Кларани уйига қайтарди.

Улар турмуш қуришди. Францискадан қолган икки қизга энди Клара қарай бошлади. Лекин тақдир экан, иккаласи ҳам дифтерияга учраб тез орада вафот этди. Алоис эса Клара яқин қариндоши бўлишига қарамай, у билан никоҳдан ўтди. Клара унга уч фарзанд туғиб берди. Аммо улар ҳам турмади. 1889 йил 20 апрелида Клара тўртинчи фарзандини дунёга келтирди. Унга Адольф дея исм беришди. Тўғри, Адольфдан кейин ҳам яна бир фарзанд кўрди. Бироқ бу фарзанди ҳам оламдан ўтди.

ГИТЛЕРНИНГ БОЛАЛИГИ
1895 йили — Адольф Гитлер олти ёшга кирганда, отаси Алоис давлат хизматидан кетди. Шундан кейин Алоиснинг ишлари юришмади. Ҳали фермерлик, ҳали бошқа ишларга қўл урди. Охири меҳмонхоналар барларида ичкилик ичиб вақт ўтказадиган бўлди.

Бундан ташқари, Алоис жуда қаттиққўл эр ва шафқатсиз ота эди. Гитлер ёлғиз фарзанди бўлишига қарамай, болалик чоғларида кўп маротаба калтаклаган. Арзимас хатоси учун ҳам Адольф Гитлер отаси тарафидан шафқатсизларча калтакланарди.

КЛАРА ГИТЛЕР ҚАНДАЙ АЁЛ БЎЛГАН?
Бу оиланинг врачи ҳисобланган Эдуард Блох шундай ёзади:
— Клара Гитлер жуда соддадил, оддий, камтар аёл эди. У баланд бўйли, сочларини чиройли турмаклаб юрадиган, мовий кўзли аёл эди. Адольф онасининг суюклиси бўлишига қарамай, мустақил эди. Ҳеч қачон онанинг кўмагига муҳтожлик сезмасди. Ҳар бир ишни қўлидан келса-келмаса, ўзи мустақил тарзда амалга оширарди.

Гитлер таржимаи ҳолини ёзган Ян Кершоу шундай деганди:
— Клара золим эрининг соясида юришга маҳкум бўлган. Унинг ўлимидан кейин эса Адольфни йўқотишдан қўрқиши туфайли уни ҳаддан зиёд эркалатишга одатланган…

Алоис ҳақиқатан шафқатсиз ота эди. Бу ҳақда Гитлернинг ўзи ҳам эсдаликларида шундай ёзганди:

— Бир куни «Карл Мэй» асарида ўқиб қолдим. Жасур одам ҳеч қачон оғриқларга бўйин эгмаслиги керак экан. Шундан кейин отам калтакласа, миқ этмайдиган бўлдим. Аксинча неча марта менга калтак ёғдирганини санаб турдим…

Ҳа, кунларнинг бирида отам мени яна калтаклади. Йиғламадим. Онамга отам мени роппа-роса 32 марта урганини айтдим. Мен отамни ҳеч қачон ёқтирмаганман. Фақат қўрқардим.

Адольф Гитлер онаси золим эр дастидан азоб чекишларига ҳам гувоҳ бўлган. Шу ҳам отасига бўлган нафратини орттирса орттирганки, камайтирмаган.

Золим эрнинг зулмлари Клара Гитлернинг саломатлигига ҳам таъсир кўрсатмай қолмаганди. Куйишлар, хўрланишлар бу аёлни саратон хасталигига дучор этди. Клара саратон хасталиги билан узоқ вақт олишди. 1907 йил 21 декабр куни барибир хасталик зўр келди ва Клара оламдан ўтди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, Адольф Гитлер онасининг ўлимига то ўзи ўлгунча ҳам тан бера олмаган. Ҳатто, 1945 йил собиқ советлар Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозониб, Берлинга кириб келгач, ўлиш арафасида ҳам қўлида онаси Кларанинг суратини тутган ҳолда жон таслим қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Адольф Гитлернинг онаси ким бўлган?