БМТ Хавфсизлик кенгаши Венесуэладаги вазиятни муҳокама қилди: Мадурони нима кутмоқда?

  • 27 январь 2019, 15:53
  • 1 488
  • Дунё
  • БМТ Хавфсизлик кенгаши Венесуэладаги вазиятни муҳокама қилди: Мадурони нима кутмоқда?
    26 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Венесуэладаги вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказди.
    Кутилганидек, йиғилишда давлатлар икки позицияга ажралди: Ғарб давлатлари Венесуэлада муддатидан олдинги сайловлар ўтказилиши кераклигини таъкидлади, Россия ва Хитой эса вазиятга аралашиш учун асос йўқлигини иддао қилди.

    БМТ ХК йиғилишида сўз олган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео барча томонларни Мадуронинг «мафия режими»ни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.

    Фото: Майк Помпео
    «Ким қайси томондалигини танлаш вақти келди. Ўйин тугади, энди ҳеч қандай кечиктириш йўқ», деган Помпео.
    АҚШ Давлат департаменти раҳбари айнан Мадуро Венесуэлани оғир аҳволга келтириб қўйганини айтиб ўтган. Унга жавобан Россия вакили бу мамлакатнинг ички ишларига аралашиш, вазиятни янада издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.

    «Венесуэла дунёдаги тинчликка ва хавфсизликка таҳдид солаётгани йўқ. Агар шундай вазият юзага келса ҳам, бу Қўшма штатлар ва унинг иттифоқчиларининг бу мамлакатнинг қонуний президентини (Николас Мадуро) ағдаришга қаратилган ҳаракатлари оқибати бўлади», деган РФнинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя.

    Фото: Николай Небензя
    БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига Европа Иттифоқи давлатларининг Мадурога ультиматуми ифодаланган баёнот ҳам тақдим этилди. Унда яқин ҳафталар ичида Венесуэлада муддатидан олдинги сайловлар ўтказилмаса, Европа давлатлари мухолифатчи Хуан Гуайдони қонуний президент сифатида тан олиши билдирилган.

    БМТ ХКнинг фавқулодда йиғилишидан бир неча соат олдин Испания бош вазири Педро Санчес, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия ҳукумати вакили Мартин Фульц ҳамда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳант томонидан 8 кун ичида Венесуэлада «адолатли, эркин ва шаффоф» сайловлар ўтказилмаса, Хуан Гуайдо мамлакатнинг янги президенти сифатида тан олиши маълум қилинганди.

    «Испаниянинг Лотин Америкаси олдида ўзига хос масъулияти бор... биз қайсидир ҳукуматни ўзгартириш ёки ағдариш ниятида эмасмиз, фақат Венесуэлада эркин сайловлар бўлиб ўтиши ва демократия ўрнатилишини истаймиз», дейилган Испания бош вазири баёнотида.

    Франция ва Германия ҳам шу каби баёнотлар билан чиқиб, Венесуэлада сайловлар ўтказилиши талаб қилишди.
    Буюк Британия баёнотида эса «Венсуэлада май ойида ўтган сайловларда жиддий муаммолар кузатилгани», «Мадуро қонуний президент эмаслиги» қайд этилган.

    Худди шу вақтда Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини ҳам Евроиттифоқ Гуайдо ҳукуматини тан олишга тайёрлигини билдирди.
    «Ўтган йил май ойида Венесуэлада бўлиб ўтган президент сайловларини эркин, адолатли ва ишончга лойиқ деб ҳисоблаб бўлмайди. Мамлакатга зудлик билан ҳақиқатан ҳам Венесуэла аҳолиси иродасини ифода этадиган ҳукумат керак», дейилади унинг баёнотида.

    Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январь ойи бошида Николас Мадуро иккинчи муддатга Венесуэла президенти бўлганини эълон қилди. Унга қарши намойишлар вақтида мухолифатчи сиёсатчи, парламент раҳбари бўлган 35 ёшли Хуан Гуайдо ўзини муваққат ҳукумат президенти сифатида эълон қилди. Уни ўша заҳоти АҚШ президенти Дональд Трамп қўллаб-қувватлади ва уни мамлакатнинг янги президенти сифатида тан олди.

    Фото: Хуан Гуайдо
    Ёш сиёсатчини кўчаларга чиққан минглаб намойишчилар қўллаб-қувватламоқда. Мадуро эса ҳозирча армия устидан назоратни қўлида сақлаб қолган, аммо Гуайдо ҳарбийларни «Венесуэла халқи томонига ўтишга» чақирмоқда. У Мадурога хизмат қилган ҳарбийларни амнистия қилишга ваъда берган.

    Айни пайтгача АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Бразилия, Канада, Аргентина, Чили, Колумбия, Эквадор, Коста-Рика, Гватемала, Ҳондурас, Панама, Парагвай, Перу, Грузия, Украина, Албания ва бошқа қатор давлатлар Гуайдони вақтинчалик давлат раҳбари деб тан олди.
    Россия, Хитой, Эрон, Мексика, Куба, Никарагуа, Сальвадор, Боливия, Уругвай, Сурия, Греция, Беларусь ва Туркия каби давлатлар Мадуро режимини қўллаб-қувватламоқда.

    БМТ ХКнинг шанба кунги йиғилиши вақтида АҚШ Гуайдони қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган резолюция қабул қилинишига умид қилганди, аммо Россия унга вето қўйди. Шу тариқа, 5 соатга яқин давом этган йиғилишда томонлар якдил қарорга кела олишмади.

    Фото: Николас Мадуро
    Йиғилишдан кейин Николас Мадуро «Венесуэла ушбу йиғилишдан ғолиб сифатида чиққани»ни эълон қилди.

    «Ташқи ишлар вазири Хорхе Арреазага қарсакларингиз бўлсин. Биз БМТда ғалаба қилдик, катта давлатлар бизни қўллаб-қувватлашди. Майк Помпео йиғилиш якунланмасидан зални тарк этди», деди у венесуэлалик ёшлар билан учрашуви чоғида.
    Бундан аввалроқ, АҚШ расмийлари бир неча марта агар зарурат бўлса, Венесуэлага қўшин киритилиши мумкинлигини истисно қилишмаганди.

    » » БМТ Хавфсизлик кенгаши Венесуэладаги вазиятни муҳокама қилди: Мадурони нима кутмоқда?