Азон нега туркчалаштирилган эди?

  • 29 январь 2019, 16:26
  • 3 701
  • Дунё
  • Азон нега туркчалаштирилган эди?
    Дунёнинг ҳар ерида беш вақт арабча янграйдиган азон бир пайтлар Туркияда мажбуран туркчалаштирилган эди. Азонни арабча айтганлар учун ҳатто қамоқ ва жарима жазоси белгиланди. Аммо ҳукумат ҳар қанча уринмасин, турк халқи туркча, яъни ўз она тилидаги азонни ҳазм қилолмади: бу ғалати тақиқ бекор қилинганида Бурсадаги бир масжидда пеншин намозига нақ етти етти марта арабча азон чақирилган экан.

    Туркча азон илк бор 1932 йилнинг 30 январида Истанбулдаги “Фотиҳ” жомесида чақирилди: муаззин “Аллоҳу акбар” ўрнига “Тангри улуғдир” (туркча: Tanrı uludur) дея бошлади. Табиийки, одамлар ҳайрон эди.

    1932 йилни Туркия раҳбари Мустафо Камол Отатурк “дин ислоҳоти” йили сифатида белгилаган бўлиб, Қуръон, азон, саловот ва такбирни бирин-кетин туркчалаштириш кўзда тутилган эди. Адолат нуқтаи назаридан айтиш керакки, азонни туркчалаштириш фикри Отатуркдан олдин ҳам айрим миллатчилар томонидан илгари сурилган. 1932 йилнинг 18 июлида Туркия дин ишлари бошқармасининг қарорига мувофиқ азон туркча айтиладиган бўлди ва масжидларга туркча азон матни жўнатилди. 1941 йилда эса арабча азон қонунан тақиқланди: Жиноят кодексига ўзгартириш киритилиб, азонни арабча айтганларга уч ойгача қамоқ ва 10 лирадан 200 лирагача жарима жазоси тайинлаш белгилаб қўйилди.

    Тарихчи Мустафо Армағаннинг ёзишича, умуман туркча билмайдиган курд ва араб қишлоқларида ҳам азонни туркча айтишга мажбур қилинган. Туркча азон туфайли Туркияни тарк этиб, Ироқ ва Сурияга кўчиб кетганлар ҳам бўлган экан. Энг ажабланарлиси, арабча азон нафақат масжидларда, балки уйларда ҳам тақиқланган эди. Арабча азонни деб қанчадан-қанча одам калтак еди, қамалди, ишдан ҳайдалди, жарима тўлади. Жуда-жуда қизиқ давр эди: азонни туркча ҳам, ҳатто хитойчаю французча ҳам айтиш мумкин, лекин арабча эмас!..

    Бу зулм 1950 йилга келибгина ниҳоясига етди. Ўша йили сайловда ғолиб чиқиб ҳукуматни эгаллаган Демократик партия арабча азонга қўйилган тақиқни бекор қилди: Туркияда 1950 йилнинг 17 июлидан эътиборан намозга чорлов – бутун дунё мусулмонлари бирдамлигининг тимсолларидан бири бўлмиш азон яна араб тилида янграй бошлади.
    Убайдуллоҳ АДҲАМОВ тайёрлади.

    Манба: Azon.uz

    » » Азон нега туркчалаштирилган эди?