18:57 / 06.02.2019
4 950

Ҳалокатли тўқнашув натижасида вужудга келган илк экзосайёра топилди

Ҳалокатли тўқнашув натижасида вужудга келган илк экзосайёра топилди
Халқаро астрономлар гуруҳи илк бор, ҳар бирининг оғирлиги Ерникидан катта бўлган иккита йирик осмон жисмининг ўзаро тўқнашиши натижасида вужудга келган экзосайёрани топишди. Бу ҳақда Science News нашрига таяниб Kun.uz хабар бермоқда.

Kepler 107c экзосайёраси Ердан 2 000 ёруғлик йили узоқликда бўлиб, Қуёшга ўхшаш юлдуз атрофида ҳаракатланади. Ушбу тизимда яна бир нечта улкан экзосайёра мавжуд, хусусан, Kepler 107c ва унинг энг яқин қўшниси Kepler 107b – Ердан 1,5 баравар катта.

Бироқ бу экзосайёраларнинг массаси сезиларли даражада фарқ қилади. Kepler 107c экзосайёраси Kepler 107b’га нисбатан икки карра зичроқ. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунинг сабаби Kepler 107c худди Меркурий каби улкан темир ядрога эга.

Kepler 107b’дан узоқда жойлашган зичроқ экзосайёра – Kepler 107c’нинг мавжудлиги, оғир кимёвий элементлар, масалан, темир сайёралар вужудга келиш жараёнида марказий юлдузга яқин ҳудудларда тўпланишига оид сценарийга унчалик ҳам мос келмайди.

Шунинг учун олимлар, бу ҳолатни тушунтириш учун, Kepler 107c экзосайёраси ҳар бирининг массаси Ерникидан 10 марта ортиқ бўлган иккита йирик осмон жисмларининг ўзаро тўқнашишидан вужудга келган деган хулосага келишди. Уларнинг ядроси массаси умумий массасининг 30 фоизини ташкил қилган.

Экзосайёралар – Қуёш тизимидан ташқаридаги сайёралар. Улар ҳам Қуёш тизимидаги сайёралар Қуёш атрофида айлангани каби бошқа юлдузлар атрофида ҳаракатланади.

Kepler 107b ва Kepler 107c – Оққуш юлдуз туркумидаги Kepler 107 юлдузи атрофида ҳаракатланувчи экзосайёралар. 2014 йилда кашф қилинган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳалокатли тўқнашув натижасида вужудга келган илк экзосайёра топилди