22:10 / 06.02.2019
4 495

Бельгияда ўғрилар олмослар сақланувчи банкни кинолардагидек тунаб кетишди

Бельгияда ўғрилар олмослар сақланувчи банкни кинолардагидек тунаб кетишди
Бельгиянинг Антверпен шаҳрида ўғрилар дунёнинг энг катта олмос бозорига хизмат кўрсатувчи банкнинг омборига кириб, у ерда қимматбаҳо тошлар сақланган ўнлаб ячейкаларни шип-шийдон қилиб кетишди. Бу ҳақда The Guardian нашрига таяниб Kun.uz хабар берди.

BNP Paribas Fortis банки билан ишловчи қўриқлаш компанияси 3 февраль соат 13:34да тревога кўтарган. Воқеа жойига келган полиция олмослар сақланган 30 га яқин ячейка бўшлигини, омбор полида эса катта ёриқни аниқлаган.

Терговчиларнинг аниқлашича, ўғрилар кўчанинг нариги бетидаги уйдан шаҳар канализациясигача 4 метрлик туннел қазишган. Улар 3 февралга ўтар кечаси туннел орқали диаметри 40 сантиметрдан бир метргача келадиган канализация қувурига кириб, банккача судралиб боришган. Улар яна 4 метр туннел қазиб, омбор полида ёриқ очиб, у орқали банкка киришган. Канализацияда ташлаб кетилган асбоб-ускуналар ва матрас аниқланган.

Ўғирланган олмослар қиймати ошкор қилинмаган. Шаҳар аҳолиси ўғриликдан полициячилар марказдаги барча канализация люкларини очиб, кўздан кечирашаётганда хабар топган. 4 февралда эса банк олдида ташвишга тушган мижозлар тўплана бошлаган. Банк ходимлари уларни сўроқ қилиб, ячейкаларда айнан нима сақланганини аниқлашга ҳаракат қилишган.

Антверпенда йиллик айланмаси 54 млрд долларни ташкил қилувчи дунёдаги энг йирик олмос бозори жойлашган. Шаҳар орқали, турли маълумотларига кўра, дунёда қазиб олинувчи барча олмосларнинг 70-90 фоизи ўтади. BNP Paribas Fortis банки эса олмос бозорининг “юраги” ҳисобланган Квадрат миля деб аталувчи, вокзал олдидаги 7 та кўчадан иборат ҳудуднинг энг чеккасида жойлашган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бельгияда ўғрилар олмослар сақланувчи банкни кинолардагидек тунаб кетишди