19:23 / 19.03.2019
4 026

Саудия Арабистони подшоҳи валиаҳд шаҳзодани бир қатор ваколатлардан маҳрум қилди

Саудия Арабистони подшоҳи валиаҳд шаҳзодани бир қатор ваколатлардан маҳрум қилди
Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонни баъзи бир ваколатлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин, дея хабар беради Kun.uz The Guardian'га асосланиб.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд охирги икки ҳафта давомида, иқтисодиёт ва молия соҳасидаги баъзи бир ваколатларидан маҳрум қилинганидан сўнг, подшоҳликдаги вазирлар ва дипломатик даражадаги қатор муҳим йиғилишларда иштирок этмади.

Нашр маълумотига кўра, валиаҳд шаҳзода ваколатларини вақтинчалик бўлса ҳам чеклаб қўйиш тўғрисидаги қарор унинг отаси, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд томонидан ўтган ҳафта юқори даражали вазирларга эълон қилинган.

Манбанинг таъкидлашича, подшоҳнинг ишончли маслаҳатчиларидан бири, яқинда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи этиб тайинланган Мусайд Ал Айбон энди подшоҳ номидан инвестиция қарорларини норасмий равишда назорат қилади.

The Guardian маълумотига кўра, валиаҳд шаҳзода подшоҳ бошчилигидаги вазирлар маҳкамасининг сўнгги икки ҳафталик йиғилишида қатнашмаган, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари, Ливан бош вазири ва Ҳиндистон ҳамда Хитой элчилари билан учрашувларда иштирок этмаган. Подшоҳлик ҳукуматининг Вашингтондаги расмий вакили бу маълумотни изоҳлашдан бош тортган, шунингдек, Саудия валиаҳд шаҳзодаси қаерда экани бўйича маълумот бермаган.

Муҳаммад бин Салмон аввал ҳам учрашувларни ўтказиб юборганига қарамай, подшоҳлик саройи иши билан таниш бўлган манбанинг нашрга маълум қилишича, валиаҳд шаҳзоданинг сўнгги икки ҳафта ичида кўриниш бермагани катта сюрпризга айланган. Тахминларга кўра, подшоҳ сешанба куни вазирлар маҳкамаси йиғилишида ўғли иштирок этмаганидан жуда дарғазаб бўлган, унда подшоҳлик олдида турган кўплаб муаммолар муҳокама қилинган. Подшоҳ икки соатлик мурожаатида, газетанинг таъкидлашича, Саудия Арабистони иқтисодиётига йўқотилган инвестициялар бўйича ташвиш билдирган.

Газетанинг қайд этишича, подшоҳ ва валиаҳд шаҳзода ўртасидаги муносабатлар саудиялик журналист Жамол Қошиқчи 2018 йилда ўлдирилганидан сўнг диққат марказида бўлиб турибди. Муҳаммад бин Салмоннинг бунга алоқаси борлиги тўғрисида тахминлар пайдо бўлган, бироқ Саудия ҳукумати бу маълумотларни рад этганди.

Ар-Риёд сиёсатини танқид қилган Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига ташриф буюрганидан кейин ғойиб бўлди. Саудия ҳукумати 20 октябрь куни журналист дипломатик миссия биносида «можаро оқибатида» ўлдирилганини хабар қилди. Журналистнинг жасади ҳали ҳам топилмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саудия Арабистони подшоҳи валиаҳд шаҳзодани бир қатор ваколатлардан маҳрум қилди