Германия фуқароси АҚШда ўзини бой қиз қилиб кўрсатиб, турли фирибгарликларни амалга оширди

  • 29 март 2019, 12:40
  • 784
  • Дунё
  • Германия фуқароси АҚШда ўзини бой қиз қилиб кўрсатиб, турли фирибгарликларни амалга оширди
    АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 27 март куни Россияда туғилган Германия фуқароси Анна Сорокина иши юзасидан суд бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дарё хабар берди.

    28 ёшли Анна Сорокина 2016 йилда Нью-Йоркка келган ва ўзини атрофидагиларга Анна Делви деб таништирган. Қиз ўзини бой одамнинг меросхўри деб атаб, юқори синф вакиллари билан мулоқотда бўлган ва ўз номига замонавий санъат марказини очишни режалаштирган. Сорокина машҳур брендларнинг либосларини кийган ва ресторанларда катта миқдорда чойчақа берган. Шунинг учун атрофдагилар унинг бой оиладан эканига ишонган.

    Кейинроқ маълум бўлишича, қизнинг отаси дастлаб юк машинаси ҳайдовчиси бўлган, кейин эса кондиционер ўрнатувчи компания очган ва қизига камроқ пул юбора бошлаган. Сорокина европалик қариндошлари унинг қарзини тўлашини ваъда қилиб, ёлғон ишлатиб 200 минг доллар кредит олган. У меҳмонхоналарда бой дўстларининг пулига ёки бепул яшаган, қиммат ресторан ва базмларга борган.

    Прокурор Кейген Мейс-Уиллиамснинг сўзларига кўра, қиз турли ташкилотлардан жами 275 минг доллар қарздор.

    «Бизларнинг кўпчилигимиз тирикчилик учун пул топаётган бир пайтда, у қиммат ресторанларда бепул тушлик қилган, ҳашаматли меҳмонхоналарда яшаган. У банкдан, меҳмонхоналардан, дўстларининг пулини ўғирлаган. Ҳатто инвестицион жамғарманинг ҳам пулларини ўғирлашга уринган. Қисқача қилиб айтганда, у ҳаммани алдаган», — дейди прокурор.

    Сорокинанинг адвокати Тодд Сподекнинг айтишича, қиз ўзи ишлаб пул топиб, ҳамма қарзларини тўлашига ишонган. Фирибгар қизнинг атрофидаги барча одам «ижтимоий тармоқларда ўз ҳаётини сохта ҳашамат билан кўз-кўз қилган», бу эса қизнинг бу йўлга киришига туртки бўлган.

    Агар Сорокина катта миқёсдаги ўғирлик ва фирибгарликда айбдор деб топилса, у 15 йилгача бўлган муддатга қамалади. Акс ҳолда, у сайёҳлик визаси аллақачон тугаганлиги учун Германияга депортация қилинади.

    » » Германия фуқароси АҚШда ўзини бой қиз қилиб кўрсатиб, турли фирибгарликларни амалга оширди