16:50 / 31.03.2019
3 123

Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда

Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда
Маҳаллий вақт билан соат 08:00да (Тошкент вақти билан 10:00) мамлакатдаги барча сайлов участкалари очилди. Овоз бериш жараёни соат 20:00га қадар давом этади.

Қайд этиш керакки, бу Украинада Евромайдан воқеаларидан кейинги иккинчи сайлов, биринчи тур натижаларини олдиндан тахмин қилиш қийин. Сайловолди пойгасида уч фаворит бор эди, аммо уларнинг қайсилари иккинчи турга ўтишини айтиб бўлмайди.

Сайловларда рекорд миқдорда - 39 нафар номзод қатнашмоқда. Охирги маълумотларга кўра, шоумен Владимир Зеленский пойгада етакчилик қилмоқда, сайловларга бир ҳафта қолганида унинг рейтинги 30 фоизга тенг бўлган. Сўровларга кўра, Порошенкони 17 фоиз украинлар, Юлия Тимошенко 12,5 фоиз украинлар қўллаб-қувватламоқда.

2014 йил майидаги навбатдан ташқари сайловда ҳам Петро Порошенко ва Юлия Тимошенко ўзаро рақобат қилишганди. Ўшанда Порошенко биринчи турдаёқ 54,7 фоиз овоз билан ғолиб чиққанди. Тимошенко 12,8 фоиз овоз олиб иккинчи бўлган. Бу сафар улардан ташқари яна 37 киши номзод сифатида рўйхатдан ўтган.

Номзодлар сони кўплигини рўйхатдан ўтиш осонлиги билан изоҳлаш мумкин: тартибга кўра, номзодлар ўзлари учун қанчадир имзо йиғиши талаб қилинмайди. Улардан талаб қилинадигани - МСКга 5та ҳужжат олиб келиш, мулк декларациясини тақдим этиш ва 2,5 млн гривна миқдорида (деярли 100 минг доллар) тўлов қилиш.

Сайловда актёр ва комик Владимир Зеленский фаворит ҳисобланмоқда, у «Слуга народа» («Халқ хизматкори») сериалида оддий ўқитувчиликдан Украина президенти лавозимига чиқиб борган шахсни гавдалантирганди.

Зеленский ҳақиқий президент сифатида биринчи навбатда фуқаролар ҳукуматга референдумлар орқали вазифалар қўйишини таъминлашни ваъда қилмоқда. Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенко бу сафар ҳам мамлакатни ЕИ ва НАТОга аъзо қилиш ҳақида гапирмоқда. Юлия Тимошенко эса украинларга арзон газ, юқори маошлар ва осон ипотекаларни ваъда бермоқда.

Бу номзодлар Россияга муносабатда якдиллар: Тимошенко Россия Украинага етказилган зарарларни қайтариши кераклигини айтмоқда, Зеленский Россияга боришни истамаслигини айтган, Порошенко эса ўзини Владимир Путиннинг асосий душмани сифатида атаган.

Экспертлар бир овоздан Россия бу сафарги президентлик сайловига «ўз номзоди»ни қўша олмагани айтишмоқда. Лекин маълум бир маънода Владимир Путин учун ўз сайловолди кампанияси давомида Россия билан алоқаларни тиклашни маълум қилган Юрий Бойко билан ҳамкорлик қилиш «қулай» ҳисобланади. Бойко Донбасс можаросининг барча томонлари билан музокаралар ўтказиш тарафдоридир.

Айнан Бойко сайловолди кампанияси давомида «Мухолифатдаги платформа - Ҳаёт учун» партияси сиёсий кенгаши раҳбари, Путиннинг Украина билан алоқалардаги асосий воситачиси ҳисобланадиган Виктор Медведчук ҳамроҳлигида Москвага келиб, РФ бош вазири Дмитрий Медведев ва «Газпром» раҳбари Алексей Миллер билан учрашувлар ўтказди.

Социологларнинг фикрича, мамлакат президенти сайловларнинг иккинчи турида аниқланади. Ғолиб номзод кейинги 5 йил давомида мамлакатни бошқаради.

Марказий Сайлов комиссияси сайлов натижаларини 10 апрелга қадар эълон қилиши керак бўлади. Дастлабки натижалар 1 апрелдан аниқ бўлишни бошлайди. Агар бирор номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, 21 апрель куни иккинчи тур ўтказилади.

Россиядаги, шунингдек, Донбасс ҳудудидаги украинлар (7-9 миллион киши) сайловда қатнаша олишмайди.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда