Зеленский ва Порошенко иккинчи турга ўтишди

  • 01 апрель 2019, 09:05
  • 691
  • Дунё
  • Зеленский ва Порошенко иккинчи турга ўтишди
    Жами 39 нафар номзод қатнашган Украина президентлиги сайловларининг биринчи турида овоз бериш жараёни якунланди.

    Телебошловчи Владимир Зеленский ва Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенко сайловларнинг иккинчи турига ўтишди. Овоз бериш якунлангач, Миллий экзит-полл томонидан эълон қилинаётган экзит-поллар шундан дарак бермоқда.

    Маълум бўлишича, Владимир Зеленский дастлабки ҳисоб-китобларга кўра биринчи турда 30,4 фоиз овоз олган, Петро Порошенкони сайловчиларнинг 17,8 фоизи қўллаб-қувватлаган. Сайловлардаги яна бир фаворит, «Батькивщина» партияси етакчиси Юлия Тимошенко эса 14,2 фоиз овоз тўплаган.

    ТСН томонидан ўтказган экзит-поллга кўра овоз бериш жараёни якунланишига 2 соат вақт қолганида, Зеленский учун сайловчиларнинг 30,1 фоизи овоз берган, Порошенко — 18,5 фоиз, Тимошенко — 14 фоиз овоз олган.

    SOCIS маркази маълумотига кўра эса, соат 19:00да (овоз бериши якунланишига бир соат вақт қолганида), Зеленскийга 29,25 фоиз сайловчи, Порошенкога — 19,19 фоиз, Тимошенкога — 13,75 фоиз сайловчи овоз берган.

    Украина халқ депутати Мустафа Найем тасдиқлашича, президентликка номзодлар Владимир Зеленский ва Юлия Тимошенко президентлик сайловларининг иккинчи турида бирлашиш бўйича музокара ўтказганини маълум қилди.

    «Келиб тушган маълумотларга кўра, Юлия Тимошенко ва Владимир Зеленский штаблари президентлик сайловларининг иккинчи турида кучларни бирлаштириш бўйича музокара ўтказмоқда. Версиялардан бирига кўра, «Батькивщина» партияси раҳбари Владимир Зеленскийни парламент коалицияси тузиш тўғрисидаги меморандум имзолаш эвазига қўллаб-қувватлашга тайёр», дея ёзган у.

    Украина Марказий Сайлов комиссияси овоз бериш якунларини 10 апрелга қадар эълон қилади. Иккинчи тур 21 апрель кунига белгиланган.

    Манба: Kun.uz

    » » Зеленский ва Порошенко иккинчи турга ўтишди