date
views 6 073

Диққат, уйимда ўзга сайёраликлар!!!

Диққат, уйимда ўзга сайёраликлар!!!
Финляндияда тез-тез ўзга сайёраликлар кемаси ҳавода муаллақ тургани ҳақида ёзишади. Аммо сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа буткул бошқа манзара ва кечмишга эга. Айтишларича, Финляндиядаги оилалардан бирига тунда росмана ўзга сайёраликлар ташриф буюрибди.

— Мен, хотиним Айно ва қизим билан кечаси уйда ўтиргандик, — дейди Аатто исмли эркак. — Телевизор томоша қилаётгандик. Кутилмаганда телевизор ўчди. Кетидан чироқ ҳам ўчиб қолди. Ҳайрон бўлиб дераза қаршисига бордим. Не кўз билан кўрайки, ҳавода ҳажми енгил автомобилдек келадиган қора объект муаллақ турибди. Айланасига кўк ва қизил чироқлар ёниб-ўчяпти. Шу тобда хотиним ташқари эшикни очиб ҳовлига чиқмоқчи бўлганми, қотганча турганига кўзим тушди. Эшикдан бир неча метр нарида эса бўйи баланд, қора комбинезонга ўхшаш кийим кийган икки одамсифат нусхалар турарди. Уларнинг юзи ясси бўлиб, кўзи, бурни ва оғзи йўқ эди.

Азбаройи қўрқиб кетганимдан бор овозда бақириб юбордим. Шундай қилсам, кетишса керак деб ўйладим.
— Юқори қаватга чиқ, — бақирдим хотинимга қўрқув аралаш. — Қизимиз қўрқиб кетади! Тез бўл!

Аммо хотиним жойидан жилмасди. Икки нусха эса ичкарига кириб, мен тарафга ўткир нурни йўллашди. Мен йиқилдим ва ўрнимдан қимирлай олмай қолдим.

Ўзга сайёраликлар бошимга қандайдир металл қафассифат нарсани кийдиришди. Шу заҳоти у ўзидан оппоқ нур тарата бошлади. Шу билан бир вақтда бошимда кучли оғриқ туйдим. Шундан кейин улар хотинимга яқинлаша боришди. Дарвоқе, Айно ўзини ғалати тута бошлаганди. Масалан, бошимда кучли оғриқ туйгач, чидай олмай йиғлаб юборгандим, у йиғлаш учун баҳона йўқлигини, тинчланишимни талаб қилди. Кўзларининг ранги қорадан қизилга алмашганини ҳам ўз кўзларим билан кўрдим. Ҳаракатланиши ҳам жуда ғалати эди…

Мен дафъатан ҳушимдан кетдим. Кўзимни очганимда қизимнинг хонасида ётган эканман. Хотиним ва қизим ҳам шу ерда ётишарди. Уларнинг кўзлари қизил тусда эди. Улар менга нималардир дейишар, аммо гапларини умуман тушуниб бўлмасди. Иккови ҳам гўё роботга айланиб қолгандек эди…

Даҳшатлиси, ўзга сайёраликлар ҳануз бизнинг тепамизда экан. Қўрқув зўр келиб қичқира бошлаганимни биламан, улар яна мен томонга ўткир нур йўллашди. Мен иккинчи марта ҳушимдан кетдим. Ҳушимга келганимда, ўзга сайёраликлар мени йўлак бўйлаб судраб боришар, хаёлан мендан нималарнидир талаб қилишарди. Мендан садо чиқмагач, уйдан чиқиб кетишди. Худога шукр!..

Финляндиялик Ааттонинг ҳикоясига уфологлар алоҳида эътибор билан ёндашишди. Уларнинг гапига кўра, ўша оилага ўзга сайёраликлар келганини умуман исботлаб бўлмайди. Шуниси ёмон. Чунки улар кетар палласида барча изларни йўқ қилишган. Умуман олганда, ўзга сайёраликлар, гуманоидлар шунчаки афсона ёки эртак эмас. Улар мавжуд ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Манба: Hordiq.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Диққат, уйимда ўзга сайёраликлар!!!