Эфиопияда ҳалокатга учраган Boeing 737 учувчиларининг охирги сўзлари маълум бўлди

  • 05 апрель 2019, 12:16
  • 1 103
  • Дунё
  • Эфиопияда ҳалокатга учраган Boeing 737 учувчиларининг охирги сўзлари маълум бўлди
    Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Эфиопияда 10 март куни ҳалокатга учраган Boeing 737 Max йўловчи самолёти учувчилари самолёт шўнғишни бошлаб, ерга урилиши олдидан унинг тумшуғини тўғрилашга ҳаракат қилишган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.

    Нашр маълумотларига кўра, эфиопиялик терговчилар самолёт қанотидаги ҳужум бурчаги датчиги қуш ёки бошқа ёт жисм билан тўқнашувдан сўнг ишдан чиққач учувчилар дастаки бошқарувга ўтишганини ўрнатишган.

    Тахмин қилинишича, учувчилар самолётнинг ҳолати ҳақидаги нотўғри маълумотлар сабабли унинг тумшуғини пастга тушира бошлаган манёврлашни тўғрилаш тизимини (MCAS) ўчиришган.

    “Экспертиза маълумотларининг кўрсатишича, ҳужум бурчагининг иккита ташқи датчиги турли кўрсатмалар берган: чапдагиси 74,5 даражани, ўнгдагиси эса 15,3 даражани кўрсатган”, дейилган хабарда.

    Бундан учувчиларнинг ўзаро суҳбатлари ҳам дарак бермоқда. Улар ўнг датчикдаги кўрсатмалар чапдагисидан фарқланаётганини таъкидлаб, “Чап альфа-флюгер!” деб ҳайқиришган.

    Эфиопия транспорт вазири Дагмавит Могеснинг айтишича, экипаж самолёт устидан назоратни тиклашга ҳаракат қилган, бироқ самолёт тумшуғи пастга қараб кетаверган.

    Учувчилар суҳбатларидан самолёт ерга урилишидан олдин экипаж сардори Яред Гетачью “Юқорига торт” деб бақиргани маълум бўлган.
    Самолёт ҳавога кўтарилгандан бир неча дақиқа кейин ҳалокатга учраган. Ҳалокат оқибатида 157 киши ҳаётдан кўз юмган.

    Манба: Kun.uz

    » » Эфиопияда ҳалокатга учраган Boeing 737 учувчиларининг охирги сўзлари маълум бўлди