11:30 / 07.04.2019
3 343

Ҳафтар армияси Триполини уч томондан ўраб олди (фото)

Ҳафтар армияси Триполини уч томондан ўраб олди (фото)
Фото: AFP 2019 / LNA War Information Division
Ливия пойтахти Триполи учун Ливия миллия армияси қўмондони фельдмаршал Халифа Ҳафтар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар янги босқичга ўтди.

Ҳафтарнинг қўшинлари шаҳарга уч йўналиш бўйича ҳужум қилмоқда: жанглар пойтахтдан шарқдаги Тажур муниципалитети, ғарбдаги Жанзур тумани ва жанубдаги Бин-Ғашир шаҳри ҳудудида, қайсики Триполи халқаро аэропорти жойлашган ҳудудда кечмоқда деб хабар қилади Kun.uz нашри.

Бу халқаро аэропорт пойтахт Триполидан 34 км узоқликда жойлашган. У 2014 йилдан бери фаолият юритмайди. Ўшанда жанглар оқибатида аэропорт биноси қисман ёниб кетган, учиш-қўниш йўлагига снарядлардан зарар етган ва айни вақтда стратегик муҳим аҳамиятга эга эмас. Ҳозирда барча авиарейслар Триполидан 10 км шарқдаги Митига ҳарбий аэродроми орқали амалга оширилади. Ҳафтар қўшинларининг ўнг қаноти айнан шу ҳудудга йўналтирилган.

Ҳафтар биринчи навбатда қўлга киритишни мақсад қилган муҳим объектлар қаторида миллий банк ҳамда давлат телемаркази ҳам бор.

Гувоҳларнинг хабар беришича, Ҳафтар армияси ҳарбийлари шаҳар марказига тахминан 15 километр масофагача яқинлашиб келишган.
Триполи мудофааси учун ҳукумат ҳарбийлари ва ҳукуматпараст кўнгиллилар ва қабилалар оёққа турғазилган.

Шу билан биргаликда, аввал ҳукуматга содиқлигини билдириб келган Ливиядаги йирик радикал жангарилар гуруҳи - «Махсус қудратли кучлар» (RADA Special Deterrence Forces) ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ҳафтар томонига ўтганини эълон қилди. Би-би-си маълумотига кўра, агар бу маълумот тасдиқланадиган бўлса, бу Триполидаги миллий бирлик ҳукумати раҳбари, бош вазир Фаёз ас Сараж учун жиддий зарба бўлади.

AFP агентлиги маълумотига кўра, пойтахт аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи ғамлашга киришган.
Фаёз ас Сараж ўз телемурожаатида генерал Ҳафтарни хиёнатда ва давлат тўнтаришида айблаган.

У ўз ҳукумати шу вақтга қадар фақат «қўлини тинчлик мақсадида ишлатган», энди эса унинг сўзларига кўра, Ҳафтар фақат «кучли ва мустаҳкам қўллар»га дуч келади.

Шанба куни Ливия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари пойтахтдан 50 км масофада тўхтаб турган Ҳафтар армияси позицияларига авиазарбалар йўллади. Бу бомбалаш натижалари маълум эмас, аммо Ливия миллий армияси вакили Ҳафтар бу ҳужум учун қасос олишини билдирди.

Кучлар мувозанати ноаниқлиги

Ҳафтар ихтиёрида яхши тайёргарликдан ўтган мунтазам армия мавжуд
Фото: AFP

«Катта еттилик» давлатлари шанба куни Ливияда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилишди - бу талаб биринчи навбатда Ҳафтарга қаратилган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам вазиятни оғирлаштирмасликка чақирди.
Расмий Москва «фақат бир томонни айбдор сифатида кўрсатмаслиги»ни билдириб, ливияликлар «ўз тақдирини ўзи белгилаши кераклиги»ни қўшимча қилди.

«Ливия инқирози НАТО кучлари бу мамлакатда 2011 йилда амалга оширган ишлар оқибатидир. Айнан ўшандан буён Ливия парчаланган давлатга айланди, келинглар, барчасини ўз номи билан атайлик, жанубда террорчилар учун йўлаклар, шимолда ноқонуний миграция учун тешиклар», деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шанба куни Мисрдаги чиқиши вақтида.

Унинг мисрлик ҳамкасби Самиҳ Шукри эса Ливиядаги муаммоларни ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Россия ҳам, Миср ҳам Халифа Ҳафтарни қўллайдиган давлатлар ҳисобланишади.

Шанба куни БМТнинг Ливиядаги махсус вакили Ҳасан Саламе Ливияда 14-16 апрель кунлари ўтказилиши белгиланган халқаро конференция «агар вазиятга ноаниқ кучлар аралашмаса» ўз муддатида ўтказилишини маълум қилди.

Ҳафтар Триполи қамали вақтида элчихоналар ва хорижликлар хавфсизлиги таъминланишига ваъда берган
Фото: AFP

2011 йилда Ливиянинг узоқ йиллик диктатори Муаммар Қаззофий ҳукумат тепасидан ағдарилиб, қатл қилинганидан буён ва сиёсий беқарорлик ва қўшҳокимлик юзага келган. Мамлакат ғарбида, Триполи атрофида миллий келишув ҳукумати жойлашган, бу ҳукумат БМТ қўллаб-қувватлови билан тузилиб, халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланган. Шарқда эса парламент ва фельдмаршал Ҳафтар армияси назорат ўрнатган.

4 апрель куни қўмондон Халифа Ҳафтар ўз армиясига Триполига ҳужум қилишга буйруқ берди. Бу ҳужум БМТ бош котиби Антонио Гутерреш Ливия пойтахтига келган вақтда бошлади, бош котиб Триполига сиёсий инқироздан чиқиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида ташриф буюрган.

Ливия бош вазири Фаёз ас Сараж ҳукумат кучлари учун оммавий сафарбарлик эълон қилди, мамлакат пойтахтидаги барча ҳарбийлар тўлиқ жанговар тайёр ҳолатга келтирилди.

Фото: AFP
Ҳафтар 5 апрель куни Гутерриш билан мулоқот ўтказди ва ўз қўшинлари «терроризм устидан тўлиқ ғалаба қозонмагунича» ҳарбий амалиётни тўхтатмаслигини билдирди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳафтар армияси Триполини уч томондан ўраб олди (фото)