17:50 / 07.04.2019
3 922

Биз ёмғир қилган ишни қиламиз...

Биз ёмғир қилган ишни қиламиз...
Одам оёғи етмаган бир ўрмонда турфа хил ҳайвонлар бахтли-саодатли, тўкин-сочин ҳаёт кечирар экан. Кунлардан бир кун ярим тунда шиддатли шамол турди, чақмоқ чақиб, айрим дарахтларни яшин урди, қуриган шохлар ёна бошлади. Оқибатда ўрмон даҳшатли ёнғин гирдобида қолди. Ҳайвонлар қўрқувдан саросимага тушиб, ўзларини қўйишга жой тополмасди. Шу пайт арслон кучли наъра тортиб, ҳайвонларни унинг макони олдида тўпланишга буюрди.

Сиртлон чийиллаб, “биз бу лаънати ўрмондан бошқа жойга кетишимиз керак”, дебди. Бўри ҳам унга эргашиб, “сен ҳақсан, шу ўрмон деб ҳаётимизни хавф остига қўйиш ярамайди”, деб увиллабди. Шунда салобатли фил ғазабланиб, “Эҳ қўрқоқлар! Шу табаррук заминда туғилиб, ўсиб, фаровон ҳаёт кечириб, энди бошимизга қийинчилик тушганида Ватанни ташлаб кетасанларми?!”, деб ҳайқирди. Бўйи баланд жирафа ўртага савол ташлади: “Биз бир ҳимоясиз, ожиз ҳайвонлар бўлсак, қандай қилиб шундай даҳшатли ёнғинга бас кела оламиз!?”. Шунда саман от: “Биз ёмғир қилган ишни қилишимиз мумкин”, деди. Барча ҳайвонлар унга ҳайрат назари билан қараб, бараварига ундан сўрадилар: “Ёмғир нима иш қилган экан?”.

От жавоб берди: “Мен ўз кўзим билан кўрганман. Ёмғир ёғиб оловни ўчирган. Биз ҳам у каби ёнғинни сув билан ўчиришимиз мумкин”. Шу тобда эшак ҳангради: “Дарё ўрмондан узоқда жойлашган бўлса, қандай қилиб сувни ташиб келтирамиз?”. Яна арслоннинг наъраси эшитилди: “Келинглар, биргаликда ҳаракат қиламиз: сувни оғзимизда зудлик билан ташиб, ёнғинни бартараф этамиз!”.

Ҳайвонлар аҳиллик билан ғайрат-шижоат кўрсатиб, ёнғинни ўчиришди. Натижада уларнинг маконига яна мўл-кўлчилик, бахт-саодат қайтиб келди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Биз ёмғир қилган ишни қиламиз...