Орзусини тақдирга айлантирган юлдуз… (фото)

  • 09 апрель 2019, 06:01
  • 1 338
  • Дунё
  • Орзусини тақдирга айлантирган юлдуз… (фото)
    Туғилган йили: 1985 йил 16 январь
    Туғилган жойи: Ҳиндистон
    Тахаллуси: Сид
    Отаси: Ражив Мальхотра — шифокор
    Онаси: Лина Мальхотра — мактаб директори
    Энг яқин дўсти: коста-рикалик модель Натали
    Касби: актёр, модель, режиссёр ёрдамчиси ва вижей (олдиндан тайёрланган турли тасвирлар ва видео фрагментлар асосида махсус асбоб-ускуналар ёрдамида реал вақтда ижро қилинадиган мусиқа учун эффектларни танлайди ёки яратади).
    Дебют фильми: «Йил талабаси» (2012).

    Сидхарт Мальхотра Сурат шаҳрида туғилиб, Мумбайда вояга етган. Унинг отаси Ражив Мальхотра панжоблик, онаси эса амритсарлик. Сиднинг болалигиданоқ актёр бўлишга иштиёқи бўлган. Шу боисдан ҳам мактабда ўтиладиган бирорта фанлардан ҳам яхши натижага эришмаган. Ота-онаси эса бундан қаттиқ ташвишга тушган. Ваҳоланки, Сидхарт оилада ягона фарзанд бўлиб, ота-онасининг бор умиди ўғлининг келажагига қаратилган. Улар ўғлининг инженер бўлишини исташган. Аммо бўлажак актёр мактабда ўқиётган чоғлариданоқ саҳнани эгаллаб улгурганди. Бирорта тадбир ёки спектакль усиз ўтмаган ва доим олқишларга сазовор бўлган.

    Моделлик сари биринчи қадамни 16 ёшида ташлаган. Ўшанда у кафелардан бирига дўстлари билан борган. Буни қарангки, айнан ўша ерда уни Ҳиндистондаги машҳур мода агентлигининг ходими кўриб қолган. Ёшига нисбатан анча хушбичим ва истарали кўринган йигитча дарҳол унинг эътиборини тортган. Сидхартнинг ота-онаси эса ўғлининг шоу-бизнесга аралашишига қатъий қаршилик кўрсатган. Аммо бўлажак юлдуз саҳна ва камера унинг орзуси эканини яқинларига тушунтиргач, улар розилик беришган.

    Шундай қилиб, Сид 2007 йилда ўтказилган «Мистер Гужарат» танловида биринчи ўринни, «Gladrags Mega-model & Manhunt» беллашувида эса иккинчи ўринни эгаллаган. Шундан сўнг унинг юлдузли онлари бошлаган. Ёш бўлишига қарамасдан Сидхарт Маниш Мальхотра, Рохит Бал каби Ҳиндистондаги машҳур дизайнерлар билан ишлаб, Париж, Дубай, Милан, Нью-Йорк ва Сингапурда бўлиб ўтган модалар ҳафталигида иштирок этган.

    22 ёшида «Roberto Kavalli» брендининг рекламaсида қатнашиб, «Redbook», «Men’s Health» ва «Gladrags» журналларининг юзини безаган. 2010 йилда «Менинг исмим Хон» картинасининг суратга олиниш жараёнларида Каран Жохарнинг ёрдамчиси сифатида иштирок этган.

    2012 йил Сидхартнинг ҳаётида туб бурилиш ясаган. Шу йили у «Йил талабаси» фильмида дебют ролини ижро этган. Айтиш керакки, картина бирданига уч янги юлдузни — Сидхарт, Алия ва Варунни кенг оммага таништирган. Фильм биринчи намойишининг ўзиданоқ яхшигина даромад тўплаган.

    Картинадаги Абхиманю роли учун Сидхартнинг «Film Awards», «Color Screen Awards» ва «Zee Cine Awards» каби тақдирлаш маросимларига номзоди қўйилган.

    «Stardust Awards» тақдирлаш маросимининг «Энг яхши дебют роль» номинациясида эса ғолибликни қўлга киритган.

    Қизиқарли маълумотлар:
    - Сидхарт «Fashion» фильмида Приянка Чопра билан жуфтликда ўйнаши керак эди. Аммо ўша вақтда «Gladrags» компанияси билан ишлаган боис бу таклифдан воз кечишга мажбур бўлган.
    - Актёр Мумбайдаги уйида ити билан ёлғиз яшайди. Айтиш керакки, Сид ёлғизликни жуда яхши кўради.
    - Ширинликлар жону дили.
    - Спортсиз ҳаётини тасаввур қила олмайди. Бир кун жисмоний тарбия билан шуғулланмаса, ўзини ёмон ҳис қилади.
    - Унинг сеҳрли ва ёқимли овози кўплаб мухлисаларнинг ақлу ҳушини ўғирлаган. Сидхарт жуда яхши қўшиқ айтади. Бундан ташқари, пианинони ҳам яхши чалади.
    - Шоҳрух Хоннинг ашаддий мухлиси.
    Нодира ҚУРБОНБОЕВА тайёрлади.

    » » Орзусини тақдирга айлантирган юлдуз… (фото)