09:40 / 11.04.2019
4 026

Оламшумул кашфиёт: Қора туйнукнинг тарихдаги илк сурати олинди (видео)

Оламшумул кашфиёт: Қора туйнукнинг тарихдаги илк сурати олинди (видео)
Фото: EHT Collaboration/UCL
10 апрелда бутун дунё бўйлаб бир вақтда бўлиб ўтган 6 та матбуот-анжуманда қора туйнукнинг тарихдаги илк сурати дунёга тақдим қилинди. Суратда сайёрамиздан 55 ёруғлик йили узоқлигида жойлашган М87 (Мессье 87) деб аталувчи эллиптик галактика марказида жойлашган ўта массив қора туйнук тасвирланган. Бу объект ақлбовар қилмас ўлчамларга эга – у Қуёшдан 6,5 млрд марта ҳамда галактикамиз марказидаги Камончи А қора туйнугидан минг марта каттароқдир.

Суратнинг ўзига хослиги шундаки, бунгача қора туйнукнинг ҳар бир тасвири симуляция ёки назарий маълумотларга асосланган расм бўлган. Қора туйнукнинг батафсил сурати 8 та кучли радиотелескопни бирлаштирган Event Horizon Telescope лойиҳаси доирасида олинди. Бу сурат ушбу астрофизик объектлар мавжудлигининг 100 фоизлик исботи ҳисобланади – аввал қора туйнукларни жуда олисда жойлашгани сабабли кўришнинг иложи бўлмаган, уларнинг қандай кўринишини фақатгина тахмин қилиш мумкин бўлган. Шунингдек, қора туйнук атрофидаги ҳодисалар горизонти ёруғ ҳалқа ёки яримойга ўхшашлиги ҳақида назария мавжуд бўлган.

Замонамизнинг энг буюк физиклари Алберт Эйнштейн ва Стивен Хокинг учун адоғи йўқ мавзу бўлган қора туйнукнинг реал тасвири ҳақиқатга айланди. Бу объектларнинг ўзига хослиги шундаки, улар ичида физиканинг барча қонунлари амал қилишдан тўхтайди, вақт тўхтаб қолади, исталган материя ва нур изсиз йўқолади.

Суратдаги қора туйнук ортидан кузатув 2017 йил баҳорида олиб борилган, бироқ олинган суратларни қайта ишлаш учун олимларга 2 йил вақт талаб этилган.
Қора туйнукни аслида кўриб бўлмайди ва шу сабабли суратда унинг атрофидаги сояни кўриш мумкин. Марказдаги объект эса айнан қора туйнук ҳисобланади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Оламшумул кашфиёт: Қора туйнукнинг тарихдаги илк сурати олинди (видео)