АҚШ чегарасида йиғлаб турган қизча сурати “йил сурати” деб топилди

  • 12 апрель 2019, 23:36
  • 1 032
  • Дунё
  • АҚШ чегарасида йиғлаб турган қизча сурати “йил сурати” деб топилди
    Фотосуратчи Жон Мурнинг АҚШнинг Мексика билан чегарасида йиғлаб турган гондураслик қизча сурати World Press Photo танловида йил сурати деб топилди.

    Суратда онаси Сандра Санчесни америкалик чегарачи тинтув қилаётганда йиғлаб турган Янела исмли қизча тасвирланган. Аёл қизи билан АҚШга бошпана олиш илинжида Марказий Америка ва Мексика орқали бир ой давомида келганини айтган.

    АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти АҚШ ҳудудига тушмоқчи бўлаётган муҳожирларга “тоқатсизлик” сиёсатини эълон қилганди.

    Сурат эълон қилингандан кейин АҚШнинг божхона ва чегара назорати хизмати қизча ва унинг онаси бир-биридан айрилган минглаб оилалар орасида йўқлигини маълум қилган..

    Жон Мур барча 6 та қитъада, 65 та давлатда суратга олган. 2008 йилда у иммиграция ва чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ сюжетларни суратга олиш билан шуғуллана бошлаган. У 2005 йилда Пулитцер мукофотини ютган, шунингдек кўплаб халқаро танловларда ғолиб бўлган.

    World Press Photo фотожурналистика соҳасидаги энг йирик ва энг нуфузли танлов ҳисобланади. 2019 йилда танловнинг фотосуратлар қисмида 8 та тоифада 43 номзод, “Йил сурати” тоифасида 6 номзод ва “Йил фотовоқеаси” тоифасида 3 номзод тақдим қилинган.

    » » АҚШ чегарасида йиғлаб турган қизча сурати “йил сурати” деб топилди