09:00 / 20.04.2019
2 631

Порошенко ва Зеленский Киевдаги марказий стадионда нималар ҳақида баҳслашишди?

Порошенко ва Зеленский Киевдаги марказий стадионда нималар ҳақида баҳслашишди?
Киевдаги «Олимпийский» стадионида Украина президентлигига номзодлар Петро Порошенко ва Владимир Зеленский ўртасида дебат бўлиб ўтди.

«Олимпийский» стадионидаги дебатни томоша қилиш учун номзодлар штаблари 60 мингта чипта чиқарди. Дебат бошланишига бир кун қолганида барча чипталар сотиб бўлинди.

Номзодларга чиқиш қилиш учун 5 дақиқадан вақт берилди. Сўнгра номзодлар бир-бирларининг саволларига жавоб қайтаришлари учун 36 дақиқа вақт ажратилди. Якунда номзодлар нутқи учун 5 дақиқадан вақт берилди.

Қуръага кўра, баҳсни Зеленский бошлаб берди. У ўз чиқишида Петро Порошенкони иккиюзламачиликда, сўзда бошқа, амалда бошқа иш қилишда айблади.

Порошенко эса ўз чиқишида Зеленскийни журналистлардан, халқдан яширинишда, олигархлар билан тил бириктиришда айблади.

Сўнгра номзодлар савол-жавобларга ўтишди.

Зеленский Порошенконинг қандай қилиб бойиб кетгани, депутатлар дахлсизлиги ва бошқа масалалар бўйича саволларга жавоб беришини сўради.

Порошенко эса унинг барча саволларига илгари турли кўрсатувларда жавоб қайтарганини билдирди.

Петро Порошенко савол бериш навбати келганида Зеленскийдан «Украинани таҳқирлашни бас қилиш»ни сўради.

Икки номзод савол-жавоб жараёнида бир-бирларига турли айбловларни ёғдиришди ва ўзларига қўйилган айбловларни рад этишди.

Зеленский якуний нутқида «ҳозирги тизим меъёрдаги ва XXI аср менталитетига эга бўлган инсонлар билан биргаликда яксон қилинишига» ишонч билдирди.

Порошенко эса якуний нутқида «мамлакат тақдири билан ўйнашмасликни, бу жуда қимматга тушишини, давлатни яхши, бироқ ҳеч қандай тажрибаси бўлмаган актёр бошқара олмаслиги»ни айтди.

Зеленский мамлакатдаги урушни якунлаш учун ҳамма нарсани қилишини айтган бўлса, Порошенко Қримни қайтариш ва Донбассни ҳимоя қилиш, мамлакатни ёлғон хабарлар ва Россия таъсиридан муҳофаза қилиш зарурлигини билдирди.

Шу билан икки номзоднинг стадиондаги баҳси якунига етди.

Эслатиб ўтамиз, Номзодларнинг «Олимпийский» стадионидаги дебати аввалига 14 апрель куни ўтказилиши белгиланган, аммо бу вақтда Парижда бўлган Зеленский дебатга келолмаганди. Порошенко эса журналистлар билан суҳбатлашган, ўз рақибини «қопдаги мушук» деб атаб, Украина халқини «ҳақиқий президент ва қўмондон»га овоз беришга чақирганди.

Украинадаги президентлик сайловининг иккинчи тури 21 апрель куни бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Порошенко ва Зеленский Киевдаги марказий стадионда нималар ҳақида баҳслашишди?