18:21 / 22.04.2019
6 627

«Халқ хизматчиси» Владимир Зеленский ҳақида нималар маълум? (фото, видео)

«Халқ хизматчиси» Владимир Зеленский ҳақида нималар маълум? (фото, видео)
Украина Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, айни вақтда овозларнинг 90 фоизи қайта ишлаб чиқилган ва унга кўра Зеленский 73,19 фоиз овоз тўплаган, амалдаги президент Пётр Порошенко эса 24,6 фоиз овоз олган.

21 апрель куни ўтказилган сайловда овоз бериш жараёни якунланганидан кейин Миллий экзит-пол дастлабки натижаларни эълон қилган, унга кўра Зеленский 73 фоиз атрофида овоз олиб ғолиб бўлиши айтилганди.

Зеленский ўз штабида ғалабани нишонлашга улгурган.
УНИАН Владимир Зеленскийнинг шоуменликдан сиёсатчиликкача бўлган йўли ҳақидаги асосий маълумотларни тўплади.

Мутахассислиги бўйича атиги икки ой ишлаган
Владимир Зеленский 1978 йил 25 январда Кривой Рог шаҳрида дастурчи-математик ва муҳандис оиласида туғилган. Болалигида оиласи билан тўрт йил Монголияда яшаган ва биринчи синфни ўша ерда тамомлаган. Сўнгра оила Кривой Рогга қайтган ва у инглиз тили чуқур ўргатиладиган мактабда таҳсил олган. 1995 йилда Киев миллий иқтисодиёт университетининг Кривой Рог иқтисодиёт институти юридик таълим йўналишини битирган. Мутахассислиги бўйича эса атиги икки ой – амалиёт даврида ишлаган.

Шоумен Зеленскийнинг йўли
Владимир Зеленский КВН даги иштироки туфайли 1990-йилларда танила бошлаган. 1997 йилда Зеленский Денис Манжосов, Юрий Крапов ва Александр Пикалов билан "95-квартал" жамоасини ташкил этганидан сўнг унинг юлдузли онлари бошланди. Тез орада жамоа КВН олий лигасига чиқди. 2003 йилда «95-квартал» Александр Масляковнинг "АМиК" ижодий бирлашмаси билан келиша олмай қолди ва Зеленский жамоаси КВНни тарк этди.

2005 йилда Украина телеканалларидан бирида "Кечки квартал" шоуси старт олди. Тез орада дастур Украина ТВсида рейтинги энг юқори дастурга айланди. Кейинроқ "Квартал-95" студияси ташкил этилди. Зеленский ҳамкорлари билан қатор муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширди.

“Халқ хизматчиси”

Фото:"Халқ хизматчиси" сериалидан
У 2008 йилда "Катта шаҳардаги севги" фильмида, кейинчалик 2010 ва 2013 йилларда суратга олинган қисмларида бош ролни ижро этди. 2011 йилда Зеленский иштирокида "Ишдаги ишқ" фильмининг римейки чиқарилди. Зеленский, шунингдек, "Халқ хизматчиси" сериалида кейинчалик президентга айланган ўқитувчи Василий Голобородько ролини ижро этди. Владимир Зеленский ва «Квартал 95» студиясининг яна бир муваффақиятли лойиҳаси “Совчилар” комик сериали бўлиб, Украинада сериал намойиши тақиқланган.

Оиласи ва фарзандлари
Шоумен 2003 йилда Елена Кияшко билан турмуш қурган. Улар бир мактабда ёнма-ён синфларда ўқишган. 2008 йилда улар оиласида фарзанд – қизлари Саша дунёга келди. 2013 йилда эса улар ўғилли бўлишди ва унга Кирилл деб исм қўйишди.


Сиёсатга қадам
Украина ОАВлари 2017 йилдаёқ Владимир Зеленский 2019 йилги президент сайловларида қатнашиши мумкинлигини ёзганди. 2018 йил 31 декабрда "1+1" телеканалида янги йил мурожаати билан чиққан Зеленский 2019 йилги президент сайловида давлат раҳбарлигига номзодини қўйишини эълон қилди. Кейинроқ “Халқ хизматчиси” партияси шоуменни президентликка номзод этиб кўрсатди. Шундан сўнг Владимир Зеленский ва унинг жамоаси ижтимоий тармоқларда фаоллашди, украиналиклар ва амалдаги давлат раҳбари Петро Порошенкога қатор мурожаатлар билан чиқди.

31 март куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, биринчи турда Зеленский 30 фоиздан ортиқ овоз билан биринчи, Порошенко эса 16 фоиз атрофида овоз тўплаб иккинчи бўлди. Ҳеч бир номзод мутлақ кўп овоз йиға олмагани (50%дан ортиқ) учун сайловларнинг иккинчи тури ўтказилиши маълум бўлди.

19 апрель куни Киевдаги “Олимпийский” стадионида Владимир Зеленский ва Петро Порошенко ўртасида дебат бўлиб ўтди.

Зеленский – Порошенко баҳси: иқтибослар

Фото: Иван Коваленко / Коммерсантъ
Зеленский дебатдаги чиқишида президент олигархлардан бўлмаслиги кераклиги, оддий халқ вакили президент этиб сайланиши кераклиги ҳақида гапириб, «ҳозирги тизим меъёрдаги ва XXI аср менталитетига эга бўлган нормал инсонлар билан биргаликда яксон қилинишига» ишонч билдирди.

“Мен ҳозир фронтдан ўғли қайтмаган ҳар бир она қаршисида тиз чўкишга тайёрман, мен ҳозир ўз отасига етиша олмаган ҳар бир бола қаршисида тиз чўкишга тайёрман, мен ҳозир ҳар бир бева аёл қаршисида тиз чўкишга тайёрман ва сизларни ҳам шунга таклиф этаман”, деди Зеленский ва саҳнада тиз чўкди.
[media=https://youtu.be/3Ay38A05HWM]
- “Биз сиз билан биргаликда бошқа Порошенко учун овоз бериб, бошқа Порошенкони сайлагандик. Биттаси бақирарди: “Путин, сенга кўрсатиб қўяман”. Иккинчиси эса жаноб Медведчук орқали Москвага салом йўлларди. Биринчиси доллар 10 гривна бўлишини айтарди, иккинчиси эса уни 30 гривнадан қиларди”.
- “Мен сиёсатчи эмасман, бу тизимни синдириш учун келган оддий одамман”.
- “Мен Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида кўп марта бўлганман ва Порошенко айтганидек ҳарбий чақирувдан қочмаганман”.
- “Мен ҳеч қачон Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан гаплашмаганман. Уруш бошланганидан кейин Россияга бормаганман”.
- “Мен Украинани қаергадир олиб борадиган Мусо эмасман. Украина Европага боради. Агар одамлар шунга қарор қилса, мен бу танловни ҳимоя қиламан”.
- “1+1” телеканали билан шартномам бор ва бундан бошқа бизнес йўқ.
- “Порошенко – “қўй терисини ёпинган бўри”. Нима учун сизнинг конфетларингиз Москвада сотилмоқда? Нима учун ёнингиздаги барча одамларнинг қўли иккита?”
- “Порошенко кўплаб ютуқларга эришди - ЕИ билан визасиз режим, автокефалия, украин тили, армия. Аммо у булардан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқда”.
- “Мен фақат бир муддат учун қоламан ва муштларимни тугиб, Порошенконинг атрофидагилар сиёсат майдонида қолмаслиги учун барча ишни қиламан”.
- “Украина халқи қаршисида тиз чўкишга тайёрман”.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Халқ хизматчиси» Владимир Зеленский ҳақида нималар маълум? (фото, видео)