date
views 2 858

Путин рунетни иҳоталовчи қонунни имзолади

Путин рунетни иҳоталовчи қонунни имзолади
Россия президенти Владимир Путин интернетнинг рус тармоғини халқаро тармоқдан изоляция қилиш – суверен интернет яратиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ушбу қонун 1 ноябрдан кучга киради.

Суверен интернет яратилса, интернет трафиги ҳукумат назоратидаги нуқталардан ўтиши керак бўлади. Қолаверса, қонун доирасида маҳаллий номлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.

Қонун тарафдорлари лойиҳа рунетни мустақил қилиш имконини беришини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россияни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун бундай қонун зарур.
Танқидчилар эса қонун Россияда интернет эркинлигини кескин чеклашини айтмоқда. Халқаро ташкилотлар Путинни мазкур қонунни имзоламасликка чақирган эди.

"Суверен интернет" қандай ишлайди: ҳозирча бунга аниқ жавоб йўқ. Рунетни глобал интернет билан боғловчи асосий нуқталарга маълумотлар пакетини (DPI) чуқур таҳлил қилувчи фильтр ўрнатилиши тахмин қилинмоқда. Трафикни маршрутизация қилишни “Роскомнадзор” назоратга олади. Суверен интернет қандай ишлаши ва оддий фойдаланувчига бу нима билан таҳдид қилиши The Bell мақоласида батафсил ёзилган.

Қонун ижодкорларининг айтишича, бу қонун Россиянинг ахборот хавфсизлигини таъминлайди, ташқаридан бўладиган салбий таъсирлардан ҳимоялайди. Рунет (санкция, киберҳужум ёки бошқа сабаблар туфайли) глобал тармоқдан бутунлай узилганда ҳам "суверен интернет" мустақил ишлашда давом этади.

Қонундан норозилар цензура тўри руслар ҳаётини ўраб олаётганидан хавотирда.

Бунинг Ўзбекистонга қандай таъсири бўлиши мумкин?
Миллий қонун ижодкорлигимиз аксарият ҳолларда Россия қонунларидан "илҳомланиши"ни инобатга олсак, бизда ҳам келажакда "мустақил интернет" яратиш ҳаракатлари бошланиб қолиши мумкин. Аслида "мустақил интернет"нинг баъзи, алоқа тармоқларининг марказлашган бошқаруви каби элементлари аллақачон Ўзбекистонда татбиқ этилган.

"Суверен интернет" моделини кўпгина мамлакатларда, хусусан баъзи Ғарб давлатларида ҳам яратишмоқчи. Бу жаҳоний тенденция, лекин Ғарбда бу жараён огоҳ жамоатчилик ва муносиб суд тизими назоратида ўтмоқда.
Россия ва Хитой каби буюк давлатлардан фарқли ўлароқ, ўзнетда арзигулик контент яратишга етарлича интеллектуал салоҳият ва техник имконият йўқ. Интернетда миллий контентни ривожлантириш чора-тадбирлари доирасида тузилган Davra, Muloqot, Pager каби "миллий" ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ўзини оқламагани бунга далилдир.

Россия "суверен интернети" Ўзбекистонни рус маданий таъсиридан чиқариши мумкин.
"За пределами России в странах бывшего СССР очень много пользователей российского интернета, и мы эту аудиторию потеряем. Если мы посмотрим на пример Китая, то там довольно слабые каналы наружу, и они контролируются и фильтруются. У нас же, если мы сделаем слабые каналы наружу, вся Азия: Узбекистан, Туркменистан, – окончательно выпадут из области носителей русского языка", – деб ҳисоблайди Roem.ru лойиҳасининг раҳбари Юрий Синодов.

Манба: Minbar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин рунетни иҳоталовчи қонунни имзолади