15:50 / 14.05.2019
3 357

АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси қасамёд қабул қилди (видео)

АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси қасамёд қабул қилди (видео)
Фото: Навбаҳор Имомова
Узоқ йиллар АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида муҳим рол ўйнаб келган Даниэл Розенблум Ўзбекистонга янги элчи сифатида қасамёд қилди. Бу ҳақда «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имомовага асосланиб, ЎзА хабар берди.

«Элчи май ойи охиригача Тошкентга бориш ниятида. Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғи топширгач, тўлиқ фаолиятини бошлайди», — дейилади хабарда.

Қасамёдидан кейинги нутқида Розенблум АҚШ ва Ўзбекистон муштарак манфаатларга эга ва улар йўлида «сидқидилдан хизмат қиламан», деди.
2018 йилнинг 23 август куни Розенблум АҚШ Сенати қошида сўзлаб, ўз мақсадларини тушунтирган эди.

18 сентябрь куни Сенатнинг Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси тасдиғидан ўтди. Лекин унинг номзоди палатада овозга қўйилмади, чунки ноябрь ойида янги Конгресс сайланди. Таркиби ўзгарган Сенат 11 апрель куни унинг номзодини маъқуллади.
Ўтган октябрь ойидан бери АҚШнинг Тошкентдаги бош дипломати вазифасида Алан Мелтзер ишлаб келмоқда. У аслида элчи ўринбосари.

«Бутунлай суверен Ўзбекистон ким билан қандай ҳамкорлик қилишни эркин танлай олиши Америка манфаатлари учун хизмат қилади», – деган эди Розенблум Сенатдаги нутқида. Бугунги нутқида ҳам шуни таъкидлади.

Эркинлик ва қонун устуворлиги тарғиботи унинг асосий мақсадларидан бири ва Розенблум фикрича, Ўзбекистонни ёрқин келажак томон етакловчи энг муҳим омиллар ҳам аслида шу.

Фото: Навбаҳор Имомова
– Республикада, – дейди дипломат. – Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар бошланган. Уларнинг ижобий натижалар бериши учун АҚШ ўз ҳиссасини қўшиши, Ўзбекистон халқини яқиндан қувватлаши керак. Устувор вазифам албатта, Америка манфаатларини ҳимоя қилиш, америкаликлар хавфсизлиги ва элчихона равнақини кўзлаш.

Лекин элчи ўз олдига беш мақсадни қўйган.

Афғонистонда тинчликни таъминлаш, минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашда фаоллик кўрсатиш. Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашиши йўлида ҳаракат қилиш. Ҳозиргига қараганда барча жабҳаларда кўпроқ мадад кўрсатиш.

Америка хусусий секторини жалб этиб, инвестиция қилиш учун зарур шароит яратилишида кўмаклашиш.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини тарғиб қилиш. Ижобий ўзгаришларни олқишлаб, камчилик ва муаммоларни конструктив тарзда танқид қилиб, тизим яхшиланишига ҳисса қўшиш.

Икки халқни яқинлаштириш - турли алмашинув дастурлари, маданий ва илмий дастурлар орқали ёшларга имкониятлар яратиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Фото: Навбаҳор Имомова
Розенблум 2014 йилдан бери АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан дипломатиясига бош-қош эди. Унгача давлат департаментида турли бошқа лавозимларда ишлаган, хусусан Марказий Осиё билан ҳам шуғулланган.
Касаба уюшмалари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳам тажриба эга, чунки бу йўналишларда ҳам хизмат қилган.

Розенблум АҚШнинг нуфузли Ел ва Жонс Ҳопкинс университетларини битирган. Огайо штатидан зиёли оиласидан чиққан. Оилали, икки фарзанди бор.
Бу - Розенблумнинг биринчи элчилик лавозими. Сенаторлар уни Афғонистон юзасидан Ўзбекистон билан ҳамкорлик қанчалик муҳим, дея саволга тутган.

Демократ сенатор Жин Шаҳин Ўзбекистон ўзгараётгани, «очилаётгани биз учун жуда ижобий хабар ва бундан бағоят мамнунмиз», - деган эди.

Фото: Навбаҳор Имомова
Бошқа сенаторлар ҳам ўхшаш фикрда. Ўзбекистон-АҚШ алоқалари мустаҳкам бўлиши керак, бугунгача эришилган ютуқларни бой бермаслик лозим, янги элчидан бир томондан ҳамкорликни янада кучайтириш, иккинчи томондан эса АҚШ учун муҳим қадрият ва мақсадларни олға суриш кутилади.

Розенблум бугунги қасамёд маросимида бу масалаларга бирма-бир тўхталди ва зиммасидаги вазифаларни яхши тушунишини айтди.

Вашингтон сиёсий доиралари Розенблумнинг Ўзбекистонга элчи сифатида кетаётганидан хурсанд. Тошкентда ҳам муносабат ижобий. Республика расмийлари ўзларига таниш одам элчи бўлиб келаётганидан мамнун. Ўзбекистон ҳукуматида Памела Спратлен элчилигида олдинга қўйилган улкан қадамлар давом этаверади, деган умид бор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси қасамёд қабул қилди (видео)