Россия Зеленскийнинг инаугурациясига таклиф этилмади

  • 18 май 2019, 06:30
  • 1 215
  • Дунё
  • Россия Зеленскийнинг инаугурациясига таклиф этилмади
    Россия 20 майда ўтадиган, Украинанинг янги президенти Владимир Зеленскийнинг инаугурациясига вакиллари таклиф қилинган давлатлар қаторида йўқ. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири спикери Екатерина Зеленко маълум қилди.

    “Россия бу тадбирга таклиф қилинмаган. Биз ҳамкорларимиз ва дўстларимиз ҳисобланган давлатларнигина таклиф қилганмиз”, деб айтган Зеленко.

    Украина конституциясига кўра, янги президентнинг инаугурацияси парламентнинг сессиялар залида ўтади, у ерда Зеленский депутатлар олдида қасамёд келтиради.

    Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Киевдан янги президент инаугурациясига таклиф олмаганини айтган. У шунингдек Россия раҳбарияти Зеленскийни лавозимига киришиши билан табриклаши борасидаги саволни очиқ қолдирган.

    Таъкидланишича, Россия президенти Владимир Путин ҳанузгача Зеленскийни сайловлардаги ғалаба билан табрикламаган.

    Охирги маълумотларга кўра, Зеленскийнинг инаугурациясида Грузия, Латвия, Литва, Эстония ва Венгрия президентлари иштирок этишларини тасдиқлашган.

    » » Россия Зеленскийнинг инаугурациясига таклиф этилмади