07:48 / 24.05.2019
3 934

Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (1-қисм)

Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (1-қисм)
Шайх Салмон Авда «Араб баҳори» бошланганидан бери илк марта 2016 йилда хорижга чиқди. Унга Саудия Арабистонини тарк этиш тақиқланган, бироқ ҳокимиятга янги келган қирол Салмон бу тақиқни олиб ташлаган эди. Авда кўп ўтмай – 2017 йилнинг январида яна ватанига қайтди. Бу сафар ўз ихтиёри билан эмас, балки аёли ва ўғли ҳалок бўлгани сабабли келди: улар автоҳалокатга учраган эди.

Шундай қилиб, қиролликдаги уйғониш ҳаракатининг рамзларидан бири ва жуда катта обрўга эга шайх Салмон ватанига қайтди. Уни Саудия халқи, қироллик оиласи аъзолари, ҳукумат раҳбарлари – қирол Салмон, Муҳамммад ибн Нойиф ва Муҳаммад ибн Салмон ҳам таъзия билдириб қарши олишди. Ҳукуматнинг кўплаб вакиллари Салмон Авдага таъзия изҳор қилиб, яхши муносабатда бўлишди. Лекин бу зоҳирий кўриниш эди, холос. Тез орада барчаси буткул ўзгарди.

Муҳаммад ибн Салмон валиаҳд бўлиб, ҳукумат тизгинини қўлга олганидан сўнг Салмон Авдага мамлакатни тарк этиш тақиқланди. Кетма-кет тақиқлар ортидан у қамаладиган бўлди. Бош прокуратура унга террор билан боғлиқ айбловлар қўйиб, уни жазолашни талаб қилди.

Хўш, Салмон Авдани нега қамоққа тиқишди? Шайх 2017 йилнинг 8 сентябрда, яъни «Қатар қамали» давом этаётган бир пайтда 14 миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган Твиттердаги шахсий саҳифасида қуйидаги дуони эълон қилди: “ Сен(инг Раҳматинг) ила Сен(инг уқубатинг)дан паноҳ тилайман. Сенга Сен Ўзингга сано айтганингдек сано айта олмайман. Аллоҳим, уларнинг қалбларини халқлари учун яхши бўлган нарсага мувофиқ қил”.

Бунда «Қатар қамали» ортидан Саудия Арабистони ва Қатар ўртасига тушган совуқликка ва орадаги келишмовчиликларни ўзаро тушуниш орқали ҳал қилишга уриниш кераклигига ишора бор эди.

Саудия ҳукумати бу ортидан шайхдан Хавфсизлик маркази биносига боришини талаб қилган. Шайхнинг ўғли Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, ўшанда унинг кўзларини боғлаб, қўлларига кишан уриб қамоққа олиб кетишган. Уни иккига икки метр камерага қамаб қўйишган. Ўша кундан бери қамоқхонада сақланяпти.

Шайх Салмон Авдага нисбатан Саудия Арабистони Жиноят ишлари бўйича суди 37 та бир-биридан «ажойиб» айбловларни эълон қилди. Бу айбловлар кузатувчилар ва ҳуқуқ фаолларининг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. «Ажабтовур» айбловларнинг энг кўзга кўринганлари орасида подшоҳни етарлича дуо қилмаслик, шайх Юсуф Қарзовий китобларини уйида сақлаш, Қарзовий бошчилик қиладиган Бутун дунё уламолари иттифоқи вa Европа фатво кенгаши ташкилотларига аъзо бўлиш, бир нечта исломий ташкилотлар, хусусан, Қувайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туҳматлардан ҳимоялаш мақсадида “Нусрат” ташкилотини тузиш кабилар бор. Ушбу «айблов»лар туфайли Бош прокуратура шайх Салмон Авдани ўлим жазосига ҳақли деб ҳисоблайди.

Шайхга қўйилган айбловлар ҳуқуқшунослар ва адвокатларнинг эътиборини тортди, улар айбловларни сафсата деб баҳолашди. Ижтимоий тармоқларда «Салмон Авда террорчи эмас» хэштеги остида кампания бошланди.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Салмон Авда қамоққа олинишининг ҳақиқий сабаблари (1-қисм)