date

Рио-де-Жанейро 2 млн доллар пора эвазига Олимпиада пойтахти деб эълон қилинган

Рио-де-Жанейро 2 млн доллар пора эвазига Олимпиада пойтахти деб эълон қилинган
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри Халқаро Олимпия қўмитаси аъзолари овозларини сотиб олиш эвазига 2016 йилги Олимпиадани ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган. Буни Рио-де-Жанейро штатининг собиқ губернатори Сержиу Кабрал тан олди.

Унинг таъкидлашича, ХОҚнинг 9 аъзоси умумий ҳисобда 2 млн доллар пора олган. Кабрал айтган исмлар орасида россиялик собиқ сузувчи Александр Попов ва машҳур украиналик спортчи Сергей Бубка ҳам бор.

Ушбу қонунга хилоф ҳаракатлардан Рио-де-Жанейро шаҳрининг собиқ префекти Эдуарду Паес ҳамда мамлакатнинг собиқ президентлари Жозе Инасиу Лула да Силва ва Мишел Темер хабардор бўлган.

2016 йилги Олимпиадани қабул қилиш ҳуқуқини олишга овоз беришнинг финал босқичида 4 даъвогар қолган: Рио, Мадрид, Токио ва Чикаго. Кабралнинг маълум қилишича, у Бразилия Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Карлос Артур Нузман билан музокаралар олиб борган. Нузман Халқаро енгил атлетика федерациялари уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари Ламин Диак кўмак кўрсатишга ваъда берганини айтган. Кабралнинг таъкидлашича, Диакнинг ўғли 1,5 млн доллар эвазига 5-6 та овозни таъминлашга ваъда берган.

Кабралнинг қўшимча қилишича, кейинроқ Диак яна 500 минг доллар олса, 9 та овозни таъминлашини айтган.

Рио-де-Жанейро ХОҚнинг 2009 йил октябрдаги сессиясида Олимпиада пойтахти деб эълон қилинган. Ушбу шаҳар овоз беришнинг 3-босқичида 66 та овоз билан 32 та овоз олган Мадридни ортда қолдирган. Чикаго овоз беришнинг 1-босқичида, Токио эса 2-босқичида чиқиб кетган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рио-де-Жанейро 2 млн доллар пора эвазига Олимпиада пойтахти деб эълон қилинган