12:30 / 08.07.2019
4 045

Грузиялик телебошловчи Путинни ҳақоратлаб ўз мамлакатида можаро келтириб чиқарди

Грузиялик телебошловчи Путинни ҳақоратлаб ўз мамлакатида можаро келтириб чиқарди
Грузиянинг “Рустави 2” телеканали бошловчиси Георгий Габуния 7 июлда ўзининг муаллифлик дастурини Россия президенти Владимир Путин номига сўкиниш билан бошлаб Грузияда можаро келтириб чиқарди.

Унинг бу хатти-ҳаракати телеканал биноси ёнида норозилик намойишлари бошланишига олиб келган. Намойишчилар “Грузия Рустави 2’сиз” деб ҳайқиришган ва телеканал биноси томон супургилар отишган.

Вазиятга Грузиянинг расмий шахслари изоҳ беришди. Жумладан, президент Саломе Зурабишвили бошловчининг бу қилмишини қоралаган ва унинг бу иши грузин анъаналарига тўғри келмаслиги ҳамда икки давлат ўртасида охирги кунларда ўзи шундоқ ҳам таранглашган муносабатларнинг янада ёмонлашишига олиб келишини айтган. Бош вазир Мамука Бахтадзе ҳам телебошловчини қоралаган.

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили “ҳақиқатни маданиятли шаклда билдириш кераклигини”, “ахлоқ доирасидан чиқиш ва жазавага тушиш” эса фақатгина зарар келтиришини айтган.

Ўз навбатида телекомпания директори Ника Гварамия бошловчи позициясига қўшилишини, бироқ жонли эфирда сўкинишга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган. Телеканал ўз журналистининг қилмиши учун томошабинлардан узр сўраган.

Айни вақтда телеканал эфирни вақтинчалик тўхтатган. Гварамиянинг айтишича, телеканал ходимларига намойишчилар томонидан хавф солинмоқда. У журналистлар хавфсизлиги таъминланишига чақирган.

Россия ва Грузия ўртасидаги муносабатлар Россия делегациясининг Тбилисида ўтган Православия парламентлараро ассамблеяси сессиясидаги иштироки сабабли июнь охирида кескинлашганди. Тбилисида Россия давлат думаси депутати Грузия парламенти спикери курсисига ўтиргандан кейин норозилик намойишлари бошланган. Путин ушбу воқеалар ортида 8 июлдан Грузия билан авиаалоқани тўхтатишга қарор қилган ҳамда россиялик туроператорларга Грузияга туристик йўлланмалар сотмасликни тавсия қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Грузиялик телебошловчи Путинни ҳақоратлаб ўз мамлакатида можаро келтириб чиқарди