Туркияни санкцияга бошлаётган можаро. 500 млн доллар турадиган С-400 нима каромат кўрсатади?

  • 21 июль 2019, 21:35
  • 1 547
  • Дунё
  • Туркияни санкцияга бошлаётган можаро. 500 млн доллар турадиган С-400 нима каромат кўрсатади?
    Туркия 2017 йилда Россиянинг С-400 зенитли ракета комплексини сотиб олиш борасида келишувга эришганди. 2019 йил 12 июлдан бошлаб Россия Туркияга келишилганидек 4 дивизия ракета комплексини етказиб беришни бошлади. Томонлар 4 дивизия С-400 учун 2,5 миллиард долларга келишишган. Шартномага кўра Туркия пулнинг бир қисмини ўзи тўлайди, қолган қисми эса руслар кредити ҳисобига қопланади. Лекин ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш учун мўлжалланган бундай турдаги ракета комплексини сотиб олгани Туркияга қимматга тушиши мумкин.

    – Менинг ракетамни отасан.
    – Йўқ, меникини отади...


    Фото: Reuters
    Гап шундаки, Туркия Россиянинг бу ракета комплексларини сотиб олаётгани учун АҚШ санкцияларига учраши мумкин. АҚШ президенти Дональд Трамп Туркияни шу ҳақда огоҳлантирди.

    Олдинроқ Трамп С-400 учун Туркияга нисбатан санкция қўлланмаслигини айтганди, аммо президент энди санкциялар қўлланиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. АҚШ Туркия ажралмас аъзоларидан бири ҳисобланган НАТОнинг норасмий хўжайини сифатида турклардан фақат Америка ишлаб чиқарган қуролларни ишлатишни талаб қилмоқда. «Руслардан ракета комплексини сотиб олиб нима қиласизлар, мана бизда «Patriot» бор-ку?», дея иддао қилмоқда АҚШ томони.

    Хуллас, ҳамма гап Туркия кимнинг қуролидан фойдаланишида.

    АҚШ нега хавотирга тушмоқда?

    Турк ҳарбийлари Россия ишлаб чиқарадиган С-400 мажмуасини ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш учун энг яхши восита деб ҳисобламоқда. АҚШ ҳарбийлари ҳам бизнинг ракета комплексимиз яхшироқ демаяпти, уларнинг хавотири сабаби бошқа. Гап шундаки, АҚШнинг F-35 қирувчи самолётларини ишлаб чиқарадиган давлатлар орасида Туркия ҳам бор. АҚШ томони агар турклар Россиянинг С-400 ракета комплексидан фойдаланадиган бўлса, бу руслар АҚШ қирувчи самолётларини кузатишига шароит яратиб беришидан хавотирда. Яъни, АҚШ Россия С-400 шунчаки ўзини юборишига ишонмаяпти ва катта эҳтимол билан океан ортидагилар Россия бу савдодан нафақат пул ишлашини, балки асосий ҳарбий рақобатчисининг энг зўр қирувчиларини кузатиш учун дарс олади деб ўйлашмоқда.

    АҚШ хавотирига сабаб бўлаётган яна бир жиҳат шуки, дунёнинг икки энг кўп аҳолига эга бўлган давлати ҳаво ҳужумидан ҳимояланишда айнан С-400 хизматидан фойдаланишга қарор қилган. Россия дунёнинг иқтисодий державаси ҳисобланган Хитойга аллақачон С-400 етказиб берган. Ҳиндистон ҳам айнан шу турдаги ракета комплексини сотиб олишга келишган ва бу савдо тез орада амалга оширилади. Ҳарбий инженеринг борасида дунёда етакчилардан ҳисобланган Хитой ва Ҳиндистоннинг ҳаво ҳужумидан ҳимояланишда Россия қуролини афзал билгани АҚШнинг жаҳлини чиқаргани табиий. Энди бу икки йирик давлат сафида НАТО аъзоси Туркия ҳам бўлиши океан ортидаги саросимани янада кучайтиради.

    АҚШ 2017 йилдаёқ Туркияни С-400 қуролини сотиб олишдан қайтарган ва бу ускуналар сотиб олинса, Туркия F-35 ишлаб чиқарувчилар қаторидан чиқарилишини айтиб «таҳдид қилганди». Турклар эса АҚШ қирувчиларини ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторидан чиқишни қўрқинчлимас, деб ҳисоблашмоқда.

    «Биз F-35 ишлаб чиқарувчилар қаторидан расман чиқишимизни кутяпмиз, унгача олган буюртмаларимизни етказиб берамиз. Бошланишида корхоналар зарар кўриши мумкин, аммо бу келишувдан чиқсак, Туркия ҳарбий ишлаб чиқариши янада кучаяди», дейди Туркия ҳарбий ишлаб чиқариш секретариати раиси Исмоил Демир.

    Жаноб Демир Туркия фақат ўз эҳтиёжига кўра қурол-яроқ сотиб олишини айтмоқда. Шу ўринда аниқлик киритиш керак, Туркия АҚШнинг F-35 русумли самолётлари учун деталлар ишлаб чиқаради ва бу деталлар фақат Туркияда ишлаб чиқарилиши айтилади.

    Туркия АҚШдан 100та F-35 қирувчи самолётини сотиб олиш бўйича келишувга эришганди, аммо АҚШ С-400 можароси сабаб ҳамон бу самолётларни Туркияга етказиб бермаган. Туркия бундай турдаги самолётларни нафақат ишлатиш учун, балки ўзининг янги 5-авлод қирувчи самолётини яратиш учун сотиб олмоқчи. Туркия бу борада аллақачон ҳаракатларни бошлаб юборган ва британиялик олимлар бундай турдаги самолёт лойиҳасида ишлашни бошлашган. F-35 каби тайёр самолётлар бўлиши эса синовларни янада тезлаштиради.

    F-35 АҚШнинг энг зўр қирувчи самолёти ҳисобланмайди, у шунчаки экспортга чиқарилган энг зўр қирувчи. АҚШнинг 5-авлод бомбардимончиси F-22 фақат АҚШнинг ўз операциялари учун ишлатилади ва улар ҳеч қачон экспортга чиқарилмайди. Туркия эса худди шундай бомбардимончи самолёт ясашни мақсад қилган.

    Туркия нега С-400`ни сотиб олмоқда?

    EPA-EFE / Туркия Мудофаа вазирлиги
    2013 йилда АҚШ Сурия томонидан хавф пафдо бўлгач, Туркияга ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш учун мўлжалланган «Patriot» ракета комплексларини ўрнатган, лекин 2015 йилда бу комплекслар олиб чиқиб кетилган. Бунга сабаб қилиб Суриядан хавф пасайгани келтирилган. Шунда Туркия АҚШдан ўзининг шахсий ракета комплексини яратиш учун «Patriot» дастурларини сўрайди ва турган гапки америкаликлар бу таклифни рад этишади. Кейин ҳаво ҳужумидан ҳимоя учун зарур қуролларсиз қолган Туркия Россиядан C-400 сотиб олишга қарор қилади. Ахир мамлакат ўз ҳаво ҳудудини ҳимоясиз қолдира олмайди-ку?

    EPA-EFE / Туркия Мудофаа вазирлиги
    Эрдўған Россиядан С-400 ракета комплекси сотиб олинишини Туркия учун тарихий воқеа деб атади. Туркия томони мамлакат ҳаво ҳудудида хавф сезиларли даражада ошгани боис Россиядан ракета комплексини сотиб олишга қарор қилганини айтмоқда. Шунингдек, турк ҳарбийларининг фикрича, АҚШ Туркияни F-35 ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторидан чиқариши НАТОнинг кучсизланишига олиб келади.

    Бу ҳали ҳаммаси эмас
    АҚШ Туркия асосий рақиби Россиядан С-400 сотиб олаётгани учун дарғазаб бўлаётган бир вақтда турклар янаям шов-шувли шартнома борасида музокара ўтказишмоқда. Туркия Россиядан Су-35 қирувчи самолётларини сотиб олиш ҳақида ўйламоқда. Россиянинг энг замонавий қирувчиси турк армиясида АҚШнинг F-35 қирувчилари ўрнини эгаллаши мумкин. Ҳозирча бу келишув ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо у амалга ошса, Туркия нақ НАТОдан чиқиб кетишдек хавф остонасига келиб қолади. Чунки ўзининг қирувчи самолёти ишлаб чиқариладиган мамлакат осмонида Россия бомбардимончи самолётлари парвоз қилишини АҚШ ҳазм қила олмаса керак. Дарвоқе, АҚШ туркиялик учувчиларни F-35`нинг янги моделларини синовдан ўтказадиган учувчилар қаторидан чиқариб бўлган.

    Санкциялар давлат тўнтаришига уринишнинг 3 йиллиги муносабати билан ўтган ҳафтада эълон қилинмаган
    Bloomberg нашри АҚШ ҳукуматидаги манбаларига асосланиб хабар беришича, президент маслаҳатчилари Туркияга қарши қўлланадиган санкциялар пакетини танлаб бўлган. Уларга уч хил турдаги санкциялар тақдим этилган ва маслаҳатчилар қайси санкциялар киритилишини белгилаб олишган. Bloomberg`нинг ёзишича, Туркия 12 июлда Россиядан С-400`нинг биринчи қисмини қабул қилиши билан АҚШ санкцияларни қабул қилиб бўлган ва улар 15 июль куни эълон қилиниши кутилганди.

    Аммо 15 июль Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бартараф этилганининг 3 йиллиги нишонлангани муносабати билан байрам бўлаётганди. АҚШ санкциялар айнан Туркиядаги бирдамлик кунига айланган 15 июлда эълон қилинса, 2016 йилги исённи қўллагандек кўриниб қолишидан чўчиб, санкцияларни эълон қилишни кейинроққа қолдирган. Чунки Туркия исённинг ташкилотчиси АҚШда истиқомат қилаётган Фатҳуллоҳ Гулен эканини айтиб келади.

    C-400 Туркия самолётларини ҳам уриб тушириши мумкин

    Фото: Public domain/ US Air Force photo/ R.Nial Bradshaw
    Туркия ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш учун С-400 сотиб олишида энг асосий муаммо унинг дастури билан боғлиқ. Масалан, С-400 АҚШ ишлаб чиқарадиган F-35 қирувчи самолётларини «бегона» деб билади. Ахир Россияда ишлаб чиқарилган ракета энг биринчи навбатда АҚШ самолётларини нишонга олишга мослашган-да. Туркия эса айнан F-35`дан фойдаланади. Ўз-ўзидан саволлар туғилади. Туркия НАТОга Россия ракета қурилмалари имкониятлари қандайлиги борасида маълумот берадими ёки Россияга НАТО самолётларининг ошкор қилинмаган маълумотлариними? Ҳар икки ҳолат ҳам хоинлик ҳисобланади. Бу борада эса аниқ маълумот олинмаган, аммо олимлар чорасини қилишгандир. Ахир 2,5 миллиард долларга сотиб олинган қурилма турк самолётларини уриб туширмаса керак.

    Туркия ҳам жавоб санкцияларини киритадими?
    АҚШнинг Туркияга санкция киритиши яхши оқибатларга олиб келмаслиги аниқ. Ўтган йили Туркия америкалик руҳоний Эндрю Брансонни давлат тўнтаришига уринишга алоқадор деб қўлга олгани ортидан АҚШ Туркияга нисбатан санкция қўллаганди. Оқибатда турк лираси бир кечанинг ўзида 1,6 фоизга қадрсизланиб, минимум қийматга тушиб кетганди. Шу боис, Туркия АҚШ санкция киритса киритаверсин деб кета олмайди. Мамлакат иқтисодиёти бевосита АҚШ билан алоқаларга ҳам боғлиқ. Масалан, 2019 йил май ойида томонлар Туркия ҳамда АҚШ ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 75 миллиард долларга етказишга ҳаракат қилинаётганини маълум қилганди.

    Агар АҚШ Туркияга қарши санкциялар киритса, турклар ҳам қараб турмаслиги аниқ. Масалан, Туркия томони АҚШга нисбатан бир қатор ҳарбий соҳадаги санкциялар қўллаши мумкин. АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базаси Инжирлик ёпиб қўйилиши эҳтимоли йўқ эмас. Ёки бўлмаса, АҚШ ҳарбий кемалари учун йирик Аксаз бандаргоҳини ёпиб қўйиши мумкин.

    Турк нашрларида ёзилишича, АҚШ аллақачон шартнома имзолаб бўлинган F-35 бўйича келишувдан чиқмоқдами, у ҳолда Туркия ҳам 1 миллиард долларга келишилган «Боинг» самолётларини сотиб олмаслиги мумкин (бу шартнома имзоланишида Эрдўған ҳам қатнашганди). Яна бир санкция АҚШ дипломатларига нисбатан қўлланиши мумкин. Аммо «G20» йиғилишида Трамп билан учрашган Эрдўған АҚШ С-400 учун Туркияга санкция қўлламаслигига ишончи комил эканини айтганди.

    С-400 нима ўзи?
    Бутун бошли мамлакатлар орасига совуқчилик солаётган С-400 қандай ускуна ўзи? 2007 йилда кашф қилинган бу ракета комплексининг экспорт варианти «Триумф» деб аталади (ҳа, ракеталарда ҳам маҳаллий ва экспорт учун алоҳида номлари бор, худди Chevrolet ёки Ravon дегандек). У бир вақтнинг ўзида 80та учувчи объектни аниқлаб, йўқ қила олади. Унинг радарлари 600 км атрофидаги учувчи техникани аниқлаш имконига эга. С-400 ҳар қандай турдаги самолётларни 400 километрдан туриб уриб тушира олади. Баллистик ракеталарни эса 60 километр масофадан йўқ қилиши мумкин. С-400 5 метр баландликдаги самолётни ҳам уриб тушириши мумкин, таққослаш учун «Patriot» 100 метрдан пастдаги самолётни нишонга ололмайди.

    С-400 4та қисмдан иборат. Биринчи қисм радар деб аталади ва юқорида айтилганидек 600 км атрофидаги ҳар қандай учувчи воситани аниқлайди. Иккинчи қисм бошқарув бўлими. Учинчи қисмда учар буюм нишонга олинади ва тўртинчи бўлинмадан зарба берилади.

    Бундай ракета комплексининг битта дивизиони 500 миллион АҚШ долларига баҳоланган.

    Манба: Kun.uz

    » » Туркияни санкцияга бошлаётган можаро. 500 млн доллар турадиган С-400 нима каромат кўрсатади?