08:57 / 26.08.2019
2 643

«Ҳали жуда эрта». G7 етакчилари Россияни қайтариш масаласини муҳокама қилишди

«Ҳали жуда эрта». G7 етакчилари Россияни қайтариш масаласини муҳокама қилишди
«Катта еттилик» давлатлари Биаррицедаги учрашув вақтида Россияни гуруҳга қайтариш масаласини муҳокама қилишди.

АҚШ президенти Дональд Трамп учрашувдан аввалроқ «Катта саккизлик»ни тиклашга қарши эмаслигини айтаётганди, қолган аъзолар эса Россияни қайтаришга тайёрмаслиги маълум бўлди.

«Россия қайтишини истайдиган одамлар бор. Менимча ҳам бу кўпчиликка фойдали бўлади. Менимча ҳам бу ижобий қадам. Мен билан ҳамфикрлар бор ва биз буни муҳокама қиламиз», деганди Трамп саммитдан олдин журналистлар қаршисида.

Франс-Пресс хабарига кўра, учрашувда ташкилотнинг бошқа аъзолари Россияни гуруҳга қайтаришга ҳали жуда эрта эканини билдиришган.
Дональд Трамп эса россияликлар президенти Владимир Путинни «еттилик»нинг 2020 йилда АҚШда ўтадиган саммитига меҳмон сифатида таклиф қилмоқчи.

Трамп аввалроқ ҳам Россияни «Катта еттилик»ка қайтаришни «мақсадга мувофиқ қарор» деб атаганди. «Бу «Саккизлик» бўлиши керак, чунки Россия билан боғлиқ жуда кўп масалалар бор», деганди Трамп.

Европа Кенгаши раҳбари Дональд Туск эса америкаликлар президенти билан ҳамфикр эмас. Унинг сўзларига кўра, G7 давлатларида Россияни қайтаришга шошилмаслик учун 2014 йилдагидан кўра кўпроқ саволлар бор.

Путин: ҳеч нарсадан бош тортмаймиз

«Бир йил муқаддам Канадада президент Трамп Россияни G7 аъзолигига қайтаришни таклиф қилиб, Қрим аннексияси қисман оқлангани ҳақида очиқ гапирганди. Аммо биз бунга қўшила олмаймиз. Биз ҳар қандай шарт эвазига ҳам бундай мантиқ билан келиша олмаймиз», деди Туск.

Биаррицадаги дипломатик манбалар маълумотига кўра, G7 етакчилари Украина шарқидаги вазиятни ҳал қилиш учун Россия билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қарши эмас. Аммо «Катта еттилик»дагилар G8 форматига қайтиш учун ҳали жуда эрта деб ҳисоблайдилар.

Ўтган ҳафта аввалида Германия, Франция ва Британия ҳукуматлари ҳам Россияни қайтариш таклифини қўллаб-қувватламаслиги маълум бўлганди. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳозир Москванинг гуруҳга қайтарилиши стратегик хато бўлиши, фақат Украина шарқидаги инқироз ҳал қилинсагина «Катта саккизлик» форматига қайтилишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу масала ҳал қилиниши Россиянинг гуруҳга қайтиши шартидир.

Владимир Путин эса G8 ортиқ мавжуд эмаслиги ва Россия «Еттилик» билан ишлашга ҳамиша тайёрлигини маълум қилди.

Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Канада, АҚШ ва Япониядан таркиб топган «Катта еттилик» саммити 24-26 август кунлари мобайнида Франциянинг Биаррице шаҳрида ўтказилмоқда.

2018 йилнинг июнида Канада мезбонлик қилган саммит вақтида ҳам Трамп Россияни «Еттилик»ка қайтариш таклифини берганди. Аммо ўшанда ҳам бошқа давлатлар етакчилари бу ғояга қарши чиқишганди. Фақат Италиянинг ўша вақдаги бош вазири Жузеппе Конте Трампнинг фикрига қўшилганди.

Жаҳоннинг етакчи иқтисодий державалари форуми Россия иштирокида илк марта 1998 йилда ташкил этилганди. Аммо 2014 йилнинг июнида, Қримни босиб олгани ва Украина жануби-шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Россия ташкилотдаги аъзолигини тўхтатганди. Ўшанда «саккизлик»ка аъзо давлатлар Россиянинг ҳаракатларидан норози бўлган ва Сочига бормасликка қарор қилишган, Брюсселда «еттилик» — G7 (Франция, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Япония, Италия ва Канада) саммити бўлиб ўтганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Ҳали жуда эрта». G7 етакчилари Россияни қайтариш масаласини муҳокама қилишди