16:38 / 03.09.2019
4 244

Туркманистонда ўқитувчиларни пахта теримига юбориш бошланди. Лекин далада пахта йўқ

Туркманистонда ўқитувчиларни пахта теримига юбориш бошланди. Лекин далада пахта йўқ
Фото: Reg Info
Туркманистонда ўқитувчилар пахта теримига жалб қилинаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Turkmen News хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Туркманобод шаҳри ўқитувчилари 1 сентябрь куни эрталабдан пахта теримига юборилиши айтилган. Бундай кўрсатмани ўқитувчилар 31 август куни кечаси ўзларининг илмий мудиридан олган. Шу куни вилоят маъмуриятида пахта терими бошлангани муносабати билан давлат ва хўжалик ҳисобидаги идора раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилган. Аслида эса пахта терими расман 11 сентябрдан бошланади.

Қайд этилишича, Билимлар куни икки марта ўтказилган. 1 сентябрь, якшанба куни 1-синф ўқувчилари учун йиғилиш бўлган, 2-синфдан 11-синфгача бўлган қолган ўқувчилар оқ спорт кийимида келиб, мактаб ҳовлисида кундузги соат 11 гача шашка ва шахмат ўйнаган, арқонда тортилган. Бу пайтда юқори синф ўқитувчилари техник ходим билан пахта теримига борган.

Эртаси куни, 2 сентябрда эса барча ўқувчилар учун йиғилиш ўтказилган.

«Мактабимизда 11 нафар техник ходим ишлайди. Бу сафар икки нафар фаррош ва бир нафар уста мактабни эртанги кунга тайёрлаш учун қолади, қолганлар эса биз билан пахтага кетади, — деган Туркманобод мактабларидаги ўқитувчилардан бири. — Олдинги йилларда фақат техник ходимнинг ўзигина қоларди. Унга бутун мактабни янги ўқув йилининг бошланишига тайёрлаш вазифаси юклатилган».

Хабарда айтилишича, теримчилар пахта мавсумини 30 августда бошлаган, аммо пахта деярли йўқ, ҳосил ҳали етилмаган.

Давлат хизматчиларини пахтага юбориш мажбурий меҳнатнинг бир тури бўлиб, мамлакат қонунчилигига ҳам, Туркманистон имзолаган Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциясига ҳам зид.

Халқаро ҳамжамият Туркманистонни мажбурий меҳнатдан фойдаланаётганини танқид қилган, бир қатор хорижий бренд ва компаниялар эса айнан шу сабабли Туркманистон пахтаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни сотиб олишдан ошкора бош тортган.

Туркманистон эса мамлакатда мажбурий меҳнат борлигини тан олмаяпти.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистонда ўқитувчиларни пахта теримига юбориш бошланди. Лекин далада пахта йўқ