16:18 / 13.09.2019
3 036

Экзосайёрада сув буғи аниқланди. Буни ҳаёт нишонаси дейиш мумкинми?

Экзосайёрада сув буғи аниқланди. Буни ҳаёт нишонаси дейиш мумкинми?
Фото: BBC
«Хаббл» телескопи фаолиятига бағишланган «Spacetelescope.org» сайтининг хабар беришича, мазкур телескоп кузатувлар тарихида биринчи марта ўзга юлдуз системасидаги экзосайёра атмосферасида сув буғи мавжудлигини аниқлаган. Бу ҳақда, шунингдек, NASA ҳам хабар берди.

Хўш, бу ўша экзосайёрада ҳаёт нишонаси бор дейиш учун асос бўла оладими? Афсуски йўқ. Олис экзосайёра атмосферасида сув буғи аниқлангани бу ерда тириклик мавжудлигига етарлича далолат қила олмайди. Бироқ экзосайёралар атмосферасида сув буғи аниқланиши фактининг ўзи шуни англатадики, демак Ердаги телескопларнинг ҳозирги технологик ривожланганлик даражаси билан биз ҳаёт учун яроқли экзосайёраларни қидириб топа оламиз!

«Хаббл» телескопидан олинган тасвирларни таҳлил қилиш асносида Лондон университет коллежи (UCL) олимлари K2-18b экзосайёраси атмосферасида сув буғи мавжудлигини аниқлагани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб Nature журналида эълон қилишган. K2-18b биздан 111 ёруғлик йили масофасида, Арслон юлдуз туркумидаги қизил митти юлдуз системасида жойлашган экзосайёра бўлиб, массаси Ер массасидан саккиз баробар катта экани маълум. Шунга кўра, уни «Йирик Ер» ёки «СуперЕр» деган ном остида келтирилган мақолаларни илмий бўлмаган айрим нашрларда учратиб қолишингиз мумкин. K2-18b экзосайёраси ўз юлдузини 33 кунда айланиб чиқади. Унинг атмосферасида, шунингдек, кам миқдорда бўлса-да, гелий ва водород газлари ҳам аниқланган.

Ушбу экзосайёра ўз юлдузига нисбатан «яшаш муҳити» деб номланадиган масофада жойлашгани унда сувнинг суюқ ҳолда бўлишини тақозо қиладиган омиллардан биридир. Суюқ сув мавжудлиги эса муайян осмон жисмида ҳаёт юзага келиши учун энг асосий шартлардан бири ҳисобланади. K2-18b’да сув буғи аниқлангани унда сув суюқ ҳолатда мавжудлигига тўғридан тўғри ишора ҳисобланади. Албатта, K2-18b’да ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимолини бошқа айрим омиллар кескин пасайтириб юборган; бироқ олинган натижа, яъни экзосайёрада сув буғининг мавжудлиги бошқа бир фундаментал масала юзасидан саволларга ойдинлик киритиши кутилмоқда.

Масала шундаки, ҳозирда бизга маълум осмон жисмлари орасида фақат Ер сайёрасидагина сув суюқ ҳолда мавжуд бўлиб, унинг ҳар учала агрегат ҳолатида бўла олиши ва табиатда сувнинг айланиши ҳодисаси бошқа сайёраларда кузатилмайди. Шу жиҳатга кўра бутун коинотда Ер ноёб сайёра бўлса керак деган фикр мавжуд. Агар башарти K2-18b’да сув буғи аниқланган экан, демак Еримиз бу жиҳатдан ноёб сайёра бўлмаслиги катта эҳтимол.

Эслатиб ўтамиз, K2-18b сайёраси 2015 йилда Кеплер телескопининг иккинчи миссияси давомида аниқланган эди (шу сабабли ҳам унинг номида K2 деган жойи бор). Олимлар унинг 2016–2017 йилларга оид «Хаббл» орқали олинган тасвирларини махсус компьютер дастури воситасида фильтрлаб ўрганиб чиққан. Тадқиқотчилар, шунингдек, ушбу сайёра атмосферасида яна метан ва азот газлари ҳам мавжудлигига ишора берувчи белгиларга дуч келганини айтган бўлса-да, бироқ бу ҳали исботланмаган факт эканини ва бу борада кейинги тадқиқотлар аниқлик киритишини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, бу ва бу каби сайёралар борасидаги янги ва янада аниқроқ маълумотларни яқин йилларда коинотга чиқарилиши кутилаётган космик телескопларнинг янги авлоди, хусусан, «Жеймс Уэбб» телескопи тақдим этишига ҳам ишонч билдирилган. Шунингдек, экзосайёраларни тадқиқ қилишда 2028 йилда учирилиши режалаштирилган ARIEL лойиҳаси ҳам катта туртки бериши кутилмоқда. Унга кўра, мингта Ерга ўхшаш экзосайёра синчиклаб кузатилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Экзосайёрада сув буғи аниқланди. Буни ҳаёт нишонаси дейиш мумкинми?