Сурия президенти Башар Асад ўз ўрнига рафиқасини тайинламоқчими?

  • 18 сентябрь 2019, 16:36
  • 1 105
  • Дунё
  • Сурия президенти Башар Асад ўз ўрнига рафиқасини тайинламоқчими?
    Фото: «Express.co.uk»
    Cўнгги пайтларда Сурия президенти Башар Асад ўз ўрнига рафиқаси Асмо Асадни тайинлашга ҳозирлик кўраётгани ҳақида овоза тарқалди. 43 ёшли Асмо хоним парокандаликка юз тутган мамлакатдаги турли сиёсий гуруҳлар учун мақбул номзод бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

    Сурия давлат оммавий ахборот воситаларида Асмо Асадни «миллат онаси» сиймосида акс эттиришга уринишлар янада кучайган. Телевидение орқали эфирга берилаётган репортажларда президент рафиқасининг ярадор аскарлар ҳолидан хабар олаётгани, урушда отасидан айрилган болаларнинг бошини оналарча силаётгани каби таъсирчан лавҳаларни кўриш мумкин. Киндик қони Англияда тўкилган биринчи хонимнинг тарафдорлари унинг халқпарварлиги ҳақида ривоятнамо гапларни ҳам усталик билан тарқатаётганини қайд этиш жоиз.

    Асмо Асад (қизлик фамилияси – ал-Ахрас) Лондонда сурияликлар оиласида туғилган. Унинг онаси Сурия элчихонаси ходими, отаси эса шифокор эди. Ўзига тўқ оилада ўсган қиз нуфузли мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олди, араб, инглиз, француз ва испан тилларини ўрганди. У «Дойче банк» (Германия) J.P.Morgan (АҚШ) каби нуфузли ширкатларда ишлайди. Лондондалик чоғларида у Сурия президенти Ҳофиз Асаднинг ўғли Башар билан танишади.

    У маҳаллар Башар Асад ёш офтальмолог сифатида Лондонга малака оширишга тез-тез бориб турар эди. Шу тариқа 2000 йилда улар турмуш қуради. 25 ёшига қадар Лондонда яшаган Асмо хоним энди Дамашқни манзил-макон тутади. Келинчакнинг қадами қутлуғ келади: кўп ўтмай эри Сурия президенти лавозимини эгаллайди...

    Шом ўлкасида 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши мобайнида президент Башар Асад халқаро майдонда ёмонотлиқ бўлди. Бутун дунёда ўз халқига қарши кимёвий қурол ишлатган, кўзини ҳокимият қутқуси кўр қилган мустабид сифатида ном чиқарди. Россияни истисно этганда, қонли ихтилофни бартараф этишга интилаётган етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар Башар Асаднинг президент лавозимида қолишига тиш-тирноғи билан қарши. БМТ Бош котибининг Суриядаги махсус вакили Стаффан де Мистура эса мамлакатнинг келгуси раҳбари аёл киши бўлишига умид билдирган.

    Буларнинг бари Асмо Асад бошига давлат қуши қўниши ҳақидаги овозаларни тасдиқ этаётгандек. Аммо, бизнингча, Башар Асад ўз рафиқасига президентликни топшириб қўймаса керак. Негаки, у мазкур шахматча юриш билан ашаддий мухолифларини рози қила олмаслигини яхши англайди. Зотан, мамлакат ичидаги ва хориждаги мухолифат Асад режими вакиллари (улар сафида президентни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келаётган Асмо хоним ҳам бор, албатта) ўз халқига қарши мудҳиш жиноятлари учун жазоланиши кераклигини талаб қилмоқда.

    Боз устига, Асмо Асаднинг саломатлиги ҳам яхши эмас. Ўтган йил августда биринчи хоним кўкрак бези саратонига чалингани ҳақида хабар тарқалди. Жорий йил августда эса расмий Дамашқ Асмо хоним касалликдан буткул фориғ бўлгани ҳақида баёнот берди. Мураккаб операциялар, узлуксиз муолажалар эса ҳар қандай инсонни ҳолдан тойдириши аниқ.

    Яна бир гап. Бир неча йил аввал Башар Асадга президентликни топшириш эвазига хорижий давлатлардан бирида хавфсиз ва тўкин ҳаёт ваъда қилинганда ҳам у лавозимидан қолажагини билдирган.

    Таҳлилчиларга кўра, ҳукмдорлик «таъм»ини жуда эрта тотган Башар Асад лавозимини қўшқўллаб топширмайди. Сурияни ўттиз йил (1970—2000) давомида идора этган Ҳофиз Асад 2000 йил 10 июнда вафот этади. Марҳумнинг ўртанча ўғли Башар Асад ворис ўлароқ танланади. Ўша пайтда у 34 ёшда эди. Мамлакат конституциясига кўра 40 ёшдан ўтган номзодгина президентлик сайловида қатнашиши мумкин эди. Парламент ошиғич равишда йиғилиш ўтказиб, конституцияга ўзгартириш киритади, президентлик учун ёш чегараси 34 ёшга туширилади. 2000 йил июлда бўлиб ўтган муқобил номзодларсиз сайловда Башар Асад давлат раҳбари лавозимига сайланади. Ўтган 19 йилдан бери у ҳокимият жиловини маҳкам тутиб келмоқда. Мухолифат ва Ғарб мамлакатлари 2007 ва 2014 йилги президентлик сайлови демократик тамойилларга зид равишда ўтган деб ҳисоблайди.

    Сирасини айтганда, Сурияда қарийб ярим асрдан бери давлат бошқаруви Асадлар оиласи қўлида. Башар ва Асмо Асад оиласида ҳам икки ўғил ва бир қиз (Ҳофиз — 18 ёш, Зейн — 16 ёш, Карим — 15 ёш) вояга етиб келмоқда. Айрим кузатувчилар фикрича, Башар Асад тўнғичини ворисликка тайёрлаши ҳам мумкин.

    Бу ҳол қўшни араб подшоҳликларида рўй берса эди, ҳеч ким эътироз билдирмас эди. Монархия тузумида давлат раҳбари шажаравий ворисийлик асосида тайинланиши маълум. Аммо Сурия — демократик ривожланиш йўлини эълон қилган республика. Демократик тартибот эса олий ҳокимиятнинг отадан ўғилга, эрдан хотинга ўтишини асло қабул қилмайди.
    С.Салим

    Манба: Kun.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Сурия президенти Башар Асад ўз ўрнига рафиқасини тайинламоқчими?