Малайзия бош вазири жаҳондаги зўравонлик сиёсатини танқид қилди

  • 20 сентябрь 2019, 08:13
  • 544
  • Дунё
  • Малайзия бош вазири жаҳондаги зўравонлик сиёсатини танқид қилди
    Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад ҳамда мамлакат ташқи ишлар вазири Сайфуддин Абдуллоҳ.
    Фото: Малайзия ҳукумати сайти

    Дунёдаги қудратли мамлакатлар заиф ўлкаларга ўз хоҳиш-иродасини зўрлаб ўтказиши оқибатида кўп томонлама ҳамкорлик ва адолат тамойиллари бузилмоқда. Бу ҳақда Малайзия бош вазири, доктор Маҳатҳир Муҳаммад мамлакат ташқи сиёсатининг янги тартиботи тақдимотидаги маърузасида сўзлади.

    Малайзия етакчиси БМТ резолюциялари ва битимлари қўпол равишда бузилаётганини танқид қилиб, зўравонлик даври ўтганини қайд этди.
    Таассуфки, иқтисодиётда ҳам кучлилар ва заифлар ўртасида нотенг рақобат ҳукм сураётир.

    «Савдо-иқтисодий жабҳада ҳам айни шу ҳолатни кузатиш мумкин. Айрим қудратли мамлакатлар кўп томонлама битимларни очиқдан-очиқ писанд қилмай бир томонлама жазо чоралари қўлламоқда. Жазо чораларидан эса нафақат муайян ўлка, бошқа мамлакатлар ҳам зарар кўрмоқда. Бу ерда адолат тамойили бузилмоқда. Бойлар ва қудратлилар ўзлари хоҳлаган нарсага эга чиқмоқда, камбағал ва заифлар эса оғзидаги ошини олдирмоқда», – деди Маҳатҳир Муҳаммад.

    Тажрибали сиёсатдонга кўра, расмий Куала-Лумпур ҳақсизлик ҳолатларида шунчаки томошабин бўлиб турмайди.

    «Малайзия бирор бир мамлакат томонидан содир этиладиган адолатсизлик, ҳақсизлик ва инсониятга қарши бошқа жиноятларга қарши ўз фикрини билдириш, керак бўлса норозилигини намоён этиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Малайзия инсоният тақдири учун масъулият ва садоқатдан асло бўйин товламайди», – деди у.

    94 ёшли ҳукумат етакчиси дунё шиддат билан ўзгараётган бугунги даврда барча соҳалар каби ташқи сиёсатда ҳам анънавий ёндашувларни янгилаш лозимлигига урғу берган. Янги тақдим этилган Малайзия ташқи сиёсат тартиботи айни шу жадал ўзгариш ва эврилишларига муносиб жавоб саналади. Қайд этилишича, 80 саҳифали мазкур ҳужжат Малайзия дипломатларига дастуриламал бўлиб қолмай, мамлакат ташқи сиёсатини ўрганувчилар учун қимматли манба ҳамдир.

    Ташқи сиёсатнинг янги тартиботида бош вазир М.Муҳаммад БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессиясида илгари сурган муҳим ғоя ва таклифлар ҳам акс этган.

    Таъкидланишича, Малайзия тинчлик, инсонпарварлик, адолат ва тенглик тамойилларига асосланган мустақил, прагматик ташқи сиёсатга содиқ қолади, зиддиятларни халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида тинч йўл билан ҳал этишни ёқлайди, ҳамкор мамлакатлар ҳамда қўшнилар билан дўстлик робиталарини мустаҳкамлашга интилади.

    Эслатиб ўтамиз, Малайзия БМТ аъзоси сифатида мультилатерализм – кўп томонлама ҳамкорлик сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Ислом оламидаги мутараққий ўлка ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзоси сифатида эса мусулмон дунёси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

    Собир Салим

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Малайзия бош вазири жаҳондаги зўравонлик сиёсатини танқид қилди