21:09 / 27.09.2019
5 433

Россияда полициячилар ўзбекистонликларни аёвсиз калтаклади

Россияда полициячилар ўзбекистонликларни аёвсиз калтаклади
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси 20 сентябрь куни полиция ходимлари томонидан икки ўзбекистонликнинг калтакланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Тергов қўмитасига расмий мурожаат йўллади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизматига таяниб Sof.uz хабар қилди.

«Подмосковье сегодня» нашри маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Илҳом Х. ва Дилшодбек Т. Москва вилояти Балашиха шаҳридаги 1 Май микротуманида ижарага олинган квартирада яшашган. Кечқурун икки дўстлари билан уйга қайтганида уларни квартира эгаси кутиб олади. Барчаси ўтириб кечлик қилишади, бироқ зиёфатни эшик қўнғироғи бузади.

Илҳомнинг сўзларига кўра, квартирага ўзларини жиноят қидирув ходимлари деб таништирган одамлар уйдагиларни калтаклашни бошлайди. Улар ҳужжатларини кўрсатмаган ва пул талаб қилишган. Ур-калтак ва таҳқирлашлар, дастлабки маълумотларга кўра, икки соатча давом этган.

Шундан сўнг ҳужум қилганлардан бири Илҳомга тўппонча ўқталади, у эса Дилшодбек билан икки қават ойнасидан ташқарига сакрашади. Ўткинчилар тез ёрдам чақирганларига қадар улар бир муддат ерда ётишади. Жабрланувчиларга тос суяги, умуртқа, қўл синиши, шунингдек мия чайқалиши ташҳислари қўйилди.

Нашрнинг қайд этишича, ойнадан сакраган мигрантлар пойтахт музейларида реставрация ишлари билан шуғулланишган. Улар Москва политехника музейи таклифи билан Россияга келишган.

Россия ИИВ Москва вилоят Бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Татьяна Петрованинг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов текширувини олиб бормоқда. «Полициячилар айби аниқланган тақдирда, улар салбиқ мотивлар бўйича ички ишлар органлари сафидан бўшатилади ва қонунчиликка мувофиқ жазога тортилади. Бундан ташқари, уларнинг бевосита раҳбарлари ҳам жавобгарликка тортилади», — дея ишонч билдирди бошқарма вакили.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходимлари фуқаролик кийимидаги полициячилар иштирокидаги ҳодисадан сўнг Балашихадаги шифохонага ташриф буюриб, ватандошлар билан учрашган. Дипломатлар вазиятни назоратга олган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда юртдошларни даволатиш учун тўловни амалга ошириш масаласини ҳал қилмоқда.

Айни вақда, «Озодлик» хабарига кўра, жабрланувчиларга босим ўтказилмоқда. Шифохонада ҳужум уюштирган полициячилар ва жиноий қидирувнинг бошқа ходимлари уларнинг олдига келиб, ойнадан ўзлари сакраганини ёзиб беришларини талаб қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда полициячилар ўзбекистонликларни аёвсиз калтаклади