Манба: Нодира Қодировага бир эмас, икки марта ўқ узилган (фото)

  • 06 октябрь 2019, 19:13
  • 5 245
  • Дунё
  • Манба: Нодира Қодировага бир эмас, икки марта ўқ узилган (фото)
    Туркияда ҳукмрон партия депутатининг уйидаги сирли ҳодиса оқибатида вафот этган Нодира Қодирова аслида қотиллик қурбони бўлиши мумкин.

    Deutsche Welle тарқатган хабарга кўра, марҳумнинг жасади Ўзбекистонга келтирилгач, дафн этишдан олдин ювиш чоғида унинг танасида иккита ўқ тешиги ва кўкарган жойлар борлигининг гувоҳи бўлишган.

    «Қизнинг оила аъзолари қўрқиб қолишган»
    Бунга қадар Қодирова юрагидан бироз юқорироққа ўзи ўқ узгани, яъни ўз жонига қасд қилгани айтиб келинаётган эди. Аммо, Нодиранинг қариндоши шахсини очиқламаслик шарти билан DW мухбирига айтишича, марҳумнинг оёғида ҳам ўқ узилганидан қолган тешик, елкаси ва қўлларида эса кўкарган жойлар бўлган.

    Шунингдек, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, жасад Ўзбекистонга олиб келингач, такрорий суд-тиббий экспертизаси ўтказилмаган. Қолаверса, марҳум дафн этиб бўлингунига қадар депутат Ширин Уналнинг одами жараённи мунтазам кузатиб турган.

    Бундан ташқари, марҳумнинг оила аъзолари айни жараён давомида Туркия элчихонасига 2-3 марта бориб келишгани айтилмоқда.

    DW манбалари оила аъзолари қаттиқ қўрқиб қолишгани, ОАВ вакиллари билан ортиқ мулоқот қилишни исташмаётганини билдирган. Оиланинг уйи яқинида номаълум сабабларга кўра 24 соат давомида икки милиционер тургани ҳам иддао қилиняпти.

    Маълум бўлишича, ушбу иш юзасидан эндиликда адвокат Бирол Ўзтурк ўзбекистонлик оила томонида туриб шуғуллана бошлайди. Ҳозирча у оиладан тегишли ваколатни олмаган, шу боис иш материаллари, хусусан суд-тиббий экспертизаси хулосаси билан таниша олмайди.

    DW мазкур ҳолат юзасидан депутат Ширин Уналнинг Туркия парламентидаги офиси билан боғланган. Қўнғироққа депутатнинг вакили жавоб бериб, бу масалада ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини, барча саволларга прокуратура ўз баёнотида жавоб берганини билдирган.

    Анқара прокуратураси баёнот берди

    Анқара шаҳар прокуратураси жамоатчилик орасида тарқалаётган миш-мишларни рад этиб, ёзма баёнот билан чиқди.

    Унда айтилишича, 23 сентябрь куни соат тахминан 21:00да Нодира Қодирова исмли шахс ўзини ўқотар қурол билан отиб қўйгани ҳақидаги хабар келиб тушиши биланоқ, прокуратура ходимлари дарҳол воқеа жойига етиб боришган.

    Идоранинг расмий билдиришида ҳодиса рўй берган жойни кўздан кечириш, суд-тиббий экспертизаси ва гувоҳларнинг бармоқ изларини олиш каби процедуралар номувофиқ тарзда ўтказилгани ҳақидаги гап-сўзлар инкор қилинган.

    Таъкидланишича, воқеада Beretta маркали, 9 мм калибрли яримавтомат тўппончадан фойдаланилган. Ўқ қизнинг кўкрак қисмидан 5-6 см юқорироққа отилган.

    Шунингдек, прокуратура марҳумнинг телефони экспертиза учун олингани ва ундаги қўнғироқлар ҳақидаги қайдлар таҳлил қилинаётганини ҳам қўшимча қилган.

    Маҳкама маълумотига кўра, ҳодиса атрофидаги барча шахслар, жумладан Ширин Уналнинг ҳам бармоқ излари олинган. Тергов давомида Ширин Унал, шунингдек, Нодиранинг уч дўсти – Абдуллоҳ, Лайло ва Нигора ҳам кўрсатма берган.

    Жасадни кўрган Нодиранинг акаси ҳамон қотиллик рўй берган, деган шубҳада
    Айни пайтда, Нодира Қодированинг акаси Муҳаммад Али синглиси қотиллик қурбони бўлган, деб ишонмоқда. Бундан олдин у Нодиранинг ўз жонига қасд қилиш учун сабаб бўлмагани, синглиси жинсий зўравонликка учраган бўлиши мумкинлигини айтиб келаётган эди.

    Муҳаммад Али «Bir Kun» газетасига берган интервьюсида воқеага оид яна бир шубҳали ҳолатни тилга олган.

    «Воқеа юз берган кечаси, Ширин Унал телефон қилиб чақиргач, уйга етиб борганимда полиция ва прокуратура ходимлари ўша ерда эди. Прокуратура ходими: «Қарама, аҳволинг яхши эмасга ўхшайди», деб синглимни кўришимга рухсат бермади. Мен талаб қилавергач, полициячи телефонда олинган суратни кўрсатди. [Расмда] синглимнинг юзи қонга беланганди.

    Кейин суд-тиббий экспертизаси институтига бордим. Рухсат олиб, синглимни яна кўрдим. Юзидаги қон юқи ювиб ташланган эди», – дейди Муҳаммад Али.

    У синглиси ўзини отганига ишонмаётганини яна бир бор таъкидлар экан, унга етарлича узоқ масофадан ўқ узилгани, натижада ўқ теккан жойда куюк излари қолмаганини айтади.

    «Одам ўз кўкрагига ўқ узса-ю, қандай қилиб куюк излари қолмаслиги мумкин?

    Ўқ танани тешиб кирган жой атрофида куюк белгилари йўқ эди. Танасида калтак аломатлари бор эди. Менимча, аввалига қаттиқ жисм билан синглимнинг бошига уришган, кейин эса масофадан туриб ўқ узилган. Мен уни ўлдирилган, деб ҳисоблайман. Яқин-яқингача менда қўрқув бор эди, лекин энди қўрқмайман», – дейди марҳумнинг акаси.

    Муҳаммад Али, шунингдек, жасад Ўзбекистонга етказилганида такроран экспертизадан ўтказилмаганини тасдиқлади.

    «Синглимни Ўзбекистонга олиб борганимизда қайта экспертизадан ўтказишларини хоҳладик. Лекин улар «Бунга зарурат йўқ», деб айтишди бизга. Нимани яширишмоқчи?» дея савол берган у.

    Нодиранинг Туркияда ишлаш учун рухсатномаси бўлмаган
    «Жумҳурият» нашрининг Туркия Миграция бош бошқармасидан олинган маълумотга таяниб хабар беришича, 1996 йилда туғилган Нодира Қодировада ушбу мамлакатда ишлаш учун тегишли рухсатнома бўлмаган.

    Бундан ташқари, қиз Ширин Уналнинг уйида суғурталанмаган ҳолда ишлаб келган.

    Маълум бўлишича, Нодира Қодированинг Туркияда турист сифатида қисқа муддат бўлиш учун визаси бўлган. 2019 йил 17 январидан амал қила бошлаган виза бир йилга – 2020 йил 17 январига қадар берилган эди.

    Парламент депутатининг уйида бир йилдан буён хизматчилик қилиб келган қизнинг маоши қанча бўлгани ҳозирча матбуотга маълум эмас.

    Турк ОАВдаги хабарларга қараганда, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси расмийлари жума куни Анқара прокуратурасида бўлиб қайтишган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан охирги марта сешанба куни маълумот берган, унда вазият назоратга олингани айтилган эди.

    Ижтимоий тармоқларда норозилик кампанияси кетмоқда

    Юқори мартабали амалдорнинг уйида рўй берган шубҳали воқеа босди-босди қилинмоқда, деб ҳисоблаётган фаоллар ижтимоий тармоқларда норозилик акциясини ташкил этишди.

    Тармоқ фойдаланувчилари қўлларида Нодира Қодирова ишида адолат таъминланиши сўралган талабнома билан тушган фото ва видеоларини ўз саҳифаларига жойлаштиришмоқда.




    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Манба: Нодира Қодировага бир эмас, икки марта ўқ узилган (фото)