13:38 / 20.10.2019
3 342

Туркманистонда давлат муассасалари ходимлари пахта терими учун пул беришни истамагани учун ишдан бўшамоқда

Туркманистонда давлат муассасалари ходимлари пахта терими учун пул беришни истамагани учун ишдан бўшамоқда
Фото: «Информбуро.кз»
Туркманистон вилоятларидаги давлат муассасалари ходимларидан пахта режасини тўлдириш мақсадида пул йиғиб олиниши ҳолатлари давом этмоқда. Бу каби йиғимлардан чарчаган ходимларнинг кўпчилиги ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетаётганлиги хабар қилинди.

Манбага кўра, 14 октябрда Лебоб вилояти ҳокимлигида туман ҳокимлари, катта корхоналар раҳбарлари ва вазирлик ҳамда қўмиталарнинг бошқарма бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда пахта терими ҳамда буғдой экишга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган. Йиғилишда вилоят ҳокими барча бюджет ташкилотлари ходимларининг октябрь ва ноябрь ойидаги маошларидан 100-200 манатдан пул ушлаб қолинишини маълум қилган.

«Бу пуллар Ахал вилоятининг пахта режасини биринчи бўлиб бажариши учун ушлаб қолинади», — дея таъкидлаган ҳоким.

Мавсум бошланганидан бери Туркманистоннинг Лебоб вилояти теримчиларининг аксарияти Ахалдаги йиғим-терим ишларида иштирок этиб келмоқда.

Ҳокимиятда ўтган ушбу йиғилишдан кейин Лебоб вилоятидаги бюджет ташкилотларида ишловчилар, жумладан, Туркманобод шаҳридаги болалар боғчаларининг тарбиячи ва энагалари ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.

«Турли байрамлар учун талаблар, президент китобларини мажбурий сотиб олиш, газета-журналларга мажбурий обуна, раҳбариятга совға бериш, буғдой экиш ва пахта терими учун пул бериш жонга тегди. 900-1200 манат маошнинг ярми бу каби йиғ-йиғларга кетади. Бу ҳам етмагандек шанбаликларнинг кети узилмайди, пахта теримига ҳам чиқамиз», — дея қайд этган Туркманистондаги боғчада ишловчи тарбиячилардан бири.

Интервью берган ходим «Ишдан бўшаш учун ариза ёздингизми?», дея берилган саволга барча бюджет муассасалари ходимларига аллақачон тегишли қолипдаги аризлар ёздирилиб, йиғиб олинганини билдирган.

Ходимлар ишга кираётган вақтда «Агар мамлакатдаги улкан бунёдкорлик ишлари йўлидаги оммавий тадбирларда иштирок этмасам ва раҳбарият менинг ҳаракатларимда давлат раҳбарияти ҳамда халққа нисбатан ҳурматсизлик ифода этилса, ўз лавозимимдан озод қилинишимга ҳеч қандай эътироз билдирмайман», — деган мазмундаги аризаларни ёзган.

Лебоб вилоятидаги лицейларнинг ўқитувчилари ва техник ходимларининг маошларидан ҳам пул ушлаб қолиниши эълон қилинган. Уларнинг ойликлари унча катта бўлмагани сабаб икки ойга 80 манатдан 160 манат ушлаб қолинади.

Ахал вилоятининг ҳокими мамлакат раҳбари Гурбангули Бедимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов ҳисобланади. Бошқа вилоятлар ҳокимлари ўзаро келишиб ушбу ҳудуддаги пахта режасининг биринчи бўлиб амалга оширилишига ёрдам бермоқчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркманистонда давлат муассасалари ходимлари пахта терими учун пул беришни истамагани учун ишдан бўшамоқда