15:00 / 03.11.2019
5 316

Ҳиндистон бутун дунёни ўз ёлғонига ишонтирмоқчи

Ҳиндистон бутун дунёни ўз ёлғонига ишонтирмоқчи
Аъзоларининг асосий қисми ўта ўнглардан ташкил топган Европарламент делегацияси ниҳоят Кашмир минтақасининг Ҳиндистон бошқаруви остидаги қисмига сафар қилди. Бу эса Нью-Деҳли аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлган мазкур минтақани жорий йил августида мухторият ҳуқуқидан маҳрум қилгандан буён амалга оширилган хорижликларнинг илк сафари ҳисобланади. Аммо ушбу гуруҳ Кашмирга Европа Иттифоқининг расмий делегацияси сифатида келгани йўқ.

Сафар арафасида Кашмирда қирққа яқин тўқнашув бўлиб ўтган, Сринагар шаҳрида полиция тинч аҳолига қарши ўточар қуроллар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

Польша, Франция, Германия ҳамда Буюк Британия вакиллари бўлган ўта ўнг депутатлардан иборат деярли 30 нафар европарламент аъзолари душанба куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Ушбу сафар Нью-Деҳлининг Кашмирдаги сиёсати қораланган айбловларни йўққа чиқаришга қаратилган деб танқид остига олинмокда.

Делегация аъзолардан бири бўлган британиялик Крис Дейвиснинг айтишича, у маҳаллий аҳоли билан полиция кузатувисиз суҳбатлашишни талаб қилгани учун Ҳиндистон ҳукумати унинг таклифномасини бекор қилган.

«Мен Моди ҳукумати учун шунчаки пиар шоу уюштириб, гўё ҳаммаси жойидагидек кўрсатишга асло рози эмасман», – деди Девис ўз баёнотида.

Расмий Нью-Деҳлининг билдиришича, ушбу сафардан кўзланган мақсад депутатларга минтақанинг маданий ва диний турфа хиллиги ҳақида янада яхшироқ тушунча беришдан иборат.

Ҳиндистон ҳукумати Европарламент аъзоларининг Кашмир ҳудудига киришига рухсат бергани мухолифат партиялар танқидига учраган. Бунга қадар қарийб 80 кун давомида Кашмир ҳудудига бирор хорижий вакилнинг киришига йўл қўйилмаган эди. Шунингдек, халқаро журналистларга Кашмирдаги оммавий ҳибсга олишлар ва қийноқлар ҳақида лавҳалар тайёрлашига изн берилмаган.

Конгресс партияси аъзоси Раҳул Гандининг билдиришича, маҳаллий депутатларнинг Жамму ва Кашмир ҳудудига кириши тақиқлаб қўйилган бир пайтда Европарламент аъзолари мазкур минтақада жуда илиқ кутиб олинган. «Буни ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди», – деди Ганди.

Коммунистик партия вакили Ринда Карат эса бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукуматни Кашмирда гўё ҳаммаси жойидадек кўрсатишга уринишда айблади.

«Ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси (БЖП) Кашмирда ҳаммаси жойида деб бутун дунёни алдашга ҳаракат қиляпти, Европарламент делегациясига ўхшаганлар билан эса шу ёлғонига жаҳон ҳамжамиятини ишонтиришга умид боғлашмоқда, холос. Аслида Кашмирда ҳеч нарса жойида эмас», – деди у.

Кашмир 1947 йилдан буён Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Жорий йилнинг 5 августида Нью-Деҳли Конституциядаги 370-моддани бекор қилиб, мазкур минтақани кенг мухторият ҳуқуқидан маҳрум этди. Шу арафада Кашмирга ўн минглаб қўшимча аскарлар жойлаштирилди, маҳаллий сиёсатчлилар, ҳуқуқшунослар ва фаоллар қўлга олинди, улардан кўпчилиги ҳануз ҳибсда қолмоқда.

Кашмирда постпаид (олдиндан ҳақи тўланмайдиган) мобил телефонларга ижозат жорий йилнинг 14 октабрига келибгина қайта тикланди. Бироқ 7 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат килувчи мазкур ҳудуд ҳамон интернет алоқасидан маҳрумлигича қолмоқда.

Сешанба куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари вазиятдан ўта ташвишда эканлигини билдирган.

Европарламент делегацияси сафари арафасида 6 кишининг ўлими ҳамда 20дан зиёд кишининг гранатадан жароҳатлани ҳақида хабарлар тарқалди. Қийноқ даъволари ва тинч аҳоли вакиллари ўлими ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар минтақа борасидаги муҳим сиёсий қарорлар аҳоли фикри билан ҳисоблашмай кабул қилинётганини кўрсатади.

Сешанба куни шахси номаъум қуролланган киши 5 муҳожир ишчини Сринигардан 70 км жанубдаги Кулгам округида отиб ўлдирган. Полиция маълумотига кўра, бу Нью-Деҳли минтақани мухториятдан маҳрум қилгандан буён содир бўлган энг қонли ҳодисадир. Ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон бутун дунёни ўз ёлғонига ишонтирмоқчи