date
views 2 907

Забайкальеда автобус кўприкдан дарёга қулади, 19 киши ҳалок бўлди (видео)

Забайкальеда автобус кўприкдан дарёга қулади, 19 киши ҳалок бўлди (видео)
Россиянинг Забайкалье ўлкасида йўловчи автобус кўприкдан қулаб тушди. Ҳодиса Сретенск районида, Куэнга дарёси устидан ўтган кўприкда содир бўлган.

Kia Granbird русумли автобус 360 километрлик Сретенск — Чита йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётганда, Сретенскдан 60 км масофада ҳалокатга учраган.

«Интерфакс» агентлиги маълумотига кўра, транспорт воситаси турфирмага тегишли эди ва буюртма бўйича рейсни амалга ошираётган бўлган. Автобус дарё сатҳини қоплаб олган музлик устига қулаш чоғида айланиб кетган ва пастга тескари ҳолатда тушган.

«Интерфакс» агентлиги ўз манбасига таяниб хабар беришича, 20 киши ҳалок бўлган. Baza нашри ҳам автобусдагиларнинг 20 нафари ҳалок бўлгани, уларнинг икки нафари болалар экани ҳақида хабар тарқатди. Ички ишлар бўлими хабарига кўра эса, ЙТҲ оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, яна 18 киши жароҳатланган, уларнинг 6 нафари шифохонага ётқизилган. Автобусда жами 43 киши бўлган, уларнинг барчаси — Россия фуқаролари. Автобус музликда бўлгани туфайли у ерга оғир техника бора олмаган ва бу эвакуация ишларини қийинлаштирган. 112 телеграм-каналида ёзилишича, автобус кран орқали чиқариб олинади. Жабрланувчиларни эвакуация қилиш ишлари учун санитар авиация ҳаракатга келтирилган. Қутқарув амалиётига жами бўлиб 30 киши ва 11та техника жалб этилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобуснинг ғилдираги ёрилиб кетган. Шу туфайли ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автобус кўприк тўсиғига урилиб, пастга қулаган. «Интерфакс» маълумотига кўра, ҳайдовчи бу ҳолатда маст бўлмаган. Фожиа оқибатида у ҳам ҳалок бўлган.

Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан жиноий иш очган. Забайкалье ўлкаси прокуратураси текширув ишларини бошлаган.

UPD: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув амалиёти якунлангани ва ҳодиса оқибатида жами 19 киши қурбон бўлганини эълон қилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Забайкальеда автобус кўприкдан дарёга қулади, 19 киши ҳалок бўлди (видео)