17:23 / 05.12.2019
5 498

Уятсиз саҳналари борлиги учун "Hollywood"нинг таклифларидан воз кечган актёр

Уятсиз саҳналари борлиги учун "Hollywood"нинг таклифларидан воз кечган актёр
Австралиялик машҳур киноактёр бор, Рашод Стрик (Reshad Strik) деган. Шу инсоннинг ҳаётини "Youtube"даги “Янги кунга марҳабо” ("yeni güne merhaba 716.bölüm") кўрсатувида ўз оғзидан эшитиб, жуда ҳам ҳайратландим. Унга йиллар давомида "Hollywood"дан бош рол таклифлари келади ва ҳали ҳануз таклифлар кети узилмаган. Лекин "мен учун таклиф қилинаётган фильмларнинг тўқсон фоизида бош ролда ўйнайдиган одам, албатта, бегона аёллар билан ўпишиши керак. Ахир, бу ҳалол эмас!", дейди қаҳрамонимиз.

У, эҳтимол, Ҳолливуднинг энг олди актёрларидан бири бўларди. Бунинг учун унда барча имконият етарли ҳам эди. Аммо "ризқ Аллоҳдан!", дея ноисломий фильмларда ўйнашдан бош тортган Рашод Стрик “Эртуғрул” фильмида иккинчи даражали роллардан бирини олди. Ғарб оламидаги гламур ҳаёт ва юксак карьерага унча қизиқмади. Катта гонорарли фильмларда асосий ролда суратга тушишдан воз кечди ва Туркияга келиб, мусулмонча фильмларда қатнашишни афзал билди.

Унинг ҳикоя қилишича, отаси мусулмон, онаси эса христиан бўлган. Аммо, отаси совет пайтининг одами бўлганлигидан шунчаки, номига мусулмон бўлиб намоз ўқимас экан. Онаси эса диндор христиан бўлган экан. Улар тўрт фарзандли бўлганлар ва уларнинг бари эркак фарзанд бўлган.

Рашод Стрикнинг онаси фарзандларини христианча мактабга бермоқчи бўлган, ҳар якшанба черковларга олиб бормоқчи бўлган. Аммо отаси мусулмон бўлганлиги учун бунга қарши бўлган ва оилада тинимсиз жанжаллар юз берган.

Охийри "онам Исломга қизиқа бошлади ва Қуръонни ўрганишга киришди. Унда ҳамма нарсага жавоб бор эди. Натижада онам ҳидоят топиб, Исломни қабул қилди", дея ҳикоя қилади Рашод. "Отам бундан саросимага тушиб қолди. Чунки у бундай бурилишни асло кутмаган эди".

"Онам шундан сўнг Исломни астойдил ўргана бошлади. Унга қаттиқ муҳаббат билан боғланиб қолди. Сўнгра, бизларни (болаларни) намоз ўқишимизни талаб қила бошлади. Мактабдан келишимиз билан "қани, дарҳол таҳорат қилиб, намозларингизни ўқиб олинг!", дея буюрарди. Биз тўрттовлон ака-укалар бир жамоат бўлиб намоз ўқирдик".

"Онам отамни ҳам ҳидоятга чорлади. "Жума намозига чиқинг, ҳар куни беш вақт намоз ўқинг!", дея отамнинг ҳам намозхон бўлишларига сабаб бўлди", дея онасини хотирлайди актёр. - "Ваҳоланки, Австралияда масжид жудаям кам".

Рашод Стрик "Оиланинг янги аъзоси" (ailenin yeni üyesi) деган муаллифлик кўрсатувига асос солган бўлиб, мазкур кўрсатув орқали дунёнинг турли бурчакларида яшайдиган мусулмон жамиятлардаги оилаларнинг аҳволи ва ҳаёт тарзи билан яқиндан танишади. Улар билан бирга яшайди, бирга меҳнат қилади ва шу тариқа, "оиланинг янги аъзоси" бўлади. Уларни дунёга таништиради.

"Youtube"да нашр қилинадиган мазкур кўрсатув жуда ҳам қизиқарли ва фойдалидир. Томоша қилишни тавсия қиламан.

Алишер Султонхўжаев

Манба: Azon.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Уятсиз саҳналари борлиги учун "Hollywood"нинг таклифларидан воз кечган актёр