22:48 / 01.01.2020
2 610

АҚШ Ироқдаги элчихонасига бўлган ҳужум сабаб минтақага 750 нафар ҳарбийни юборади

АҚШ Ироқдаги элчихонасига бўлган ҳужум сабаб минтақага 750 нафар ҳарбийни юборади
Фото: Reuters
АҚШ мамлакатнинг Бағдоддаги элчихонасига намойишчилар ҳужум қилгани муносабати билан Яқин Шарққа зудлик билан 750 нафар ҳарбийни юборади, дея маълум қилди Пентагон раҳбари Марк Эспер. Fox News телеканали манбаларининг маълум қилишича, АҚШ яқин кунлар ичида минтақага яна 4 минг ҳарбийни юборишга тайёргарлик кўрмоқда.

«Тахминан 750 нафар аскар зудлик билан минтақага жойлаштирилади. Қўшимча кучлари яқин бир неча кун ичида йўлга чиқишга тайёр. Бу Америка ходимлари ва объектларига нисбатан ўсиб бораётган таҳдидга жавобан зарурий ва огоҳлантирувчи чора ҳисобланади», — деб ёзди Эспер Twitter’даги саҳифасида. Унинг қўшимча қилишича, фуқаролари қаерда бўлишидан қатъий назар, Америка томони уларни ҳимоя қилади.

Айни вақтда, Fox News’нинг Пентагондаги манбаларга асосланиб хабар беришича, АҚШ Яқин Шарққа тахминан 4 минг ҳарбийни юборишга тайёргарлик кўрмоқда. Телеканал маълумотларига кўра, ҳарбийлар аллақачон буйруқ олиб бўлган. Улар яқин бир неча кун ичида Кувайтга юборилиши мумкин.

31 декабрь куни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси олдида оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди — бунга «Катаиб Ҳизбуллоҳ» шиа жангари гуруҳининг Сурия билан чегарадаги Ал-Қоим шаҳрида жойлашган лагерига уюштирилган ҳужум сабаб бўлган (ҳужум оқибатида 25 киши ҳалок бўлган). Элчихона қўриқлаш хизмати кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Тўқнашувлар вақтида 20 га яқин одам жабрланган.

Ироқ президенти Барҳам Солиҳ элчихонага бўлган ҳужумни қоралаган. Унинг фикрича, элчихонага уюштирилган ҳужум — Ироқнинг ўз суверенитетига қилинган ҳужумдир.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса ушбу ҳужум ортида Эрон тургани ҳақида баёнот берган. У АҚШнинг одамлари ҳалок бўлса ёки унинг объектларига зарар етса, Эронга «катта ҳақ тўлаттириш»га ваъда берган.

«Бу огоҳлантириш эмас, таҳдид. Янги йил билан!», — деб ёзган Трамп Twitter’даги саҳифасида. Кейинроқ журналистлар билан мулоқот вақтида Трамп Эрон билан уруш бўлишии истамаслигини айтган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Ироқдаги элчихонасига бўлган ҳужум сабаб минтақага 750 нафар ҳарбийни юборади