date
views 2 273

Туркияда Nissan собиқ раҳбарининг Япониядан қочиши доирасидаги иш бўйича етти киши ҳибсга олинди

Туркияда Nissan собиқ раҳбарининг Япониядан қочиши доирасидаги иш бўйича етти киши ҳибсга олинди
Фото: AFP
Туркияда Renault ва Nissan компаниялари собиқ раҳбари Карлос Гон Япониядан Ливанга Истанбул орқали қочиши бўйича қўзғатилган тергов иши доирасида етти киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Daily Sabah газетасига таяниб Kun.uz хабар берди.

Қўлга олинганларнинг тўрт нафари учувчилардир, деб ёзади газета. Аввалроқ Япония прокуратураси Гоннинг Токиодаги уйида тинтув ўтказгани хабар қилинганди.

31 декабрь куни Франция, Бразилия ва Ливан фуқаролигига эга бўлган Гон Ливанга келгани маълум бўлганди.

ОАВ маълумотларига кўра, Гон Японияни 30 декабрда тарк этишга муваффақ бўлган. Унинг Токиодаги уйига ёлланма шахслар гуруҳи янги йил билан табриклаш баҳонасида мусиқачилар кўринишида кириб, уни мусиқа асбоби ғилофида олиб чиқиб кетишган. Япония хавфсизлик ходимлари шубҳали ҳеч нарса сезишмаган.

Сўнгра Гон кичикроқ аэропортга олиб борилиб, у ердан Туркияга, сўнгра хусусий самолётда Ливанга учиб кетган. Гон Япония чегарасини қонуний равишда кесиб ўта олмаган, чунки унинг Ливан, Франция ва Бразилия паспортлари унинг адвокатларида бўлган.

Маълум қилинишича, Ливанда Гон президент Мишел Наим Аун билан учрашиб, давлатдан хавфсизлик кафолатини олган. Таъкидланишича, Ливан фуқаролигига эга бўлган Nissan’нинг собиқ раҳбари Ливанда катта ҳурматга эга. Бундан ташқари, Ливан ва Япония ўртасида экстрадиция ҳақида келишув йўқ.

Японияда молиявий фирибгарликларда айбланган Гон 2018 йил кузида ҳибсга олиниб, 2019 йил мартида гаров пули эвазига озодликка чиқарилган. Унга Японияни тарк этиш ва рафиқаси билан мулоқот қилиш тақиқланган эди. У Японияда 80 млн долларлик даромадни яширишда айбланмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Туркияда Nissan собиқ раҳбарининг Япониядан қочиши доирасидаги иш бўйича етти киши ҳибсга олинди