
Фото: REUTERS
Австралияликлар охирги вақтларда яна ўрмон ёнғинлари сабаб қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Мамлакат жанубий-шарқий қисмида одамлар ўрмон ёнғинлари сабаб денгиз қирғоқларида жон сақлашга мажбур бўлмоқда. Ёнғинларни ўчириш вақтида 12 киши, жумладан 3 нафар кўнгилли ўт ўчирувчи ҳалок бўлди.
Бугун, 2 январь куни Виктория ва Янги Жанубий Уэльс штатларида ҳалок бўлганларни дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Унда Австралия ўт ўчириш хизмати аскарларидан иборат фахрий қоровул саф тортиб ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Дафн маросимида бир таъсирли воқеа содир бўлди.
Ўрмон ёнғинларини ўчиришда кўнгилли сифатида қатнашган 32 ёшли Жеффри Китон ҳам бошқа қурбонлар каби ёнғинни бартараф этиш чоғида вафот этганди. Жеффри ўлимидан сўнг жасорати учун махсус орден билан мукофотланди. Дафн маросими чоғида унинг мукофотини 19 ойлик ўғли Харви қабул қилиб олди...
Reuters бу маросимдан тайёрлаган репортажида оғзида сўрғичи бор болакай Харви отасининг жасорати учун берилган мукофотни қабул қилаётгани тасвирланган суратни эълон қилди. Бу сурат ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг эътиборини тортди. Харвининг отаси Жеффри Китон «торнадо олови» деган ўзига хос ном олган ёнғинни ўчириш вақтида ҳалок бўлган.

Жеффрининг тобути чеккасида бир дона стаканни ҳам кўриш мумкин. Унда «Дада, мен сизни Ойгача яхши кўраман» (Daddy, I love you till moon and back) деб ёзилган. Бу инглиз тилидаги ўзига хос ибора бўлиб кимдир яқин инсонига «I love you till moon and back» деса, бу «Сенга бўлган муҳаббатим шунчалик кучлики, уни чўзишнинг имкони бўлса, Ойгача бориб, қайтиб келишга ҳам етади», деган маънони билдиради. Бундан ташқари бу иборанинг «Мен сен учун Ойга бориб қайтиб келишга ҳам тайёрман», деган маъноси ҳам бор.

Мурғак Харвига мукофотни топшириш вақтида Янги Жанубий Уэльс штати ўт ўчириш хизмати раҳбари Крейг Фитзимонс кўз ёшларини тия олмади. Ташкилотнинг твиттердаги аккаунти Харвининг суратини жойлаб «Яқинларимиздан бирини йўқотдик», деб ёзди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг